Қозоғистонни четдан саросимага солишмоқчи – Тўқаев киберҳужумлардан огоҳ бўлишга чақирди

Олам 5667
image

Қозоғистонда конституциявий ислоҳотлар, президентлик ва парламент сайловлари билан боғлиқ йирик сиёсий кампанияга старт берилганидан кейин мамлакатга ташқаридан ахборот ва киберҳужумлар кўпайган. Бу ҳақда бугун, 30 сентябрь куни Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Абай вилояти жамоатчилиги билан учрашувда айтди.

Қайд этиш керакки, 24 сентябрдан бошлаб интернетнинг Қозоғистон сегментига киберҳужумлар уюштирилмоқда. 

Президент Тўқаевнинг фикрича, айрим кучлар четдан шундай ҳаракатлар уюштириб, мамлакат ичида инқилоб уюштириш ниятида.

“Мамлакатимизда катта сиёсий кампания бошланди. Албатта, сайлов эълон қилингандан кейин турли муҳокамалар бўлиши мумкин. Лекин юртимиз манфаатларига зид бўлган фикрларни билдираётганлар, ҳатто ёлғон маълумотлар тарқатаётганлар ҳам бўлиши мумкин. Биз бундан эҳтиёт бўлишимиз керак. Сайлов эълон қилингандан сўнг турли ёлғон маълумотлар ва “фейк”ларнинг тарқалиши кучайиб, киберҳужумлар фаоллашди. Ва бу тасодиф эмас. Айрим ташқи кучлар шу тариқа юртимизни саросимага тушириш ниятида. Улар Қозоғистондаги ижобий ўзгаришларнинг олдини олмоқчи. Аммо биз танлаган йўлдан қайтмаймиз”, дейди Президент.

Шунингдек, у Қозоғистоннинг ҳозирги халқаро вазият бўйича позициясини яна бир бор баён қилди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда дунё мисли кўрилмаган геосиёсий кескинлашувни бошидан кечирмоқда ва кескинлик энг юқори чўққига етган. Бутун дунёдаги сиёсатчилар ва экспертлар ядро қуролидан фойдаланиш хавфини жиддий муҳокама қилмоқда.

“Атом энергияси инсониятнинг ажойиб ютуғи бўлиб, у халқаро курашнинг бузғунчи қуроли бўлмасдан, фақат халқ ва мамлакатлар манфаати учун ишлаши керак. Мустақиллик йилларида Қозоғистон бу позицияни изчил ҳимоя қилиб келган”, дейди Тўқаев.

Давлат раҳбари Қозоғистон доимо муроса ечимларини топиш, хавфсизлик ва ишончни мустаҳкамлаш, умумбашарий тараққиётга эришишга қаратилган конструктив ташқи сиёсат дастурини таклиф қилишини айтиб ўтган.

“Шубҳасиз, замонавий дунё тартиби ҳозир кучли инқирозни бошидан кечирмоқда, унинг оқибатлари барча мамлакатлар учун ҳалокатли бўлиши мумкин. Инсоният келажаги учун умумий масъулиятни англаш, халқаро ҳуқуқнинг белгиланган тамойилларига риоя қилиш, давлатларнинг ўзаро манфаатларини ҳурмат қилиш асосидагина ундан чиқиш мумкин”, дейди Президент Тўқаев.

Бундан ташқари, учрашувда Тўқаев замонавий жамиятда одамларнинг бир-бирига бўлган ҳурмати, ишончи пасайиб бораётганини таъкидлаб, шафқатсизлик ва ишончсизлик, лоқайдлик одамларни саросимага соладиган ёмон одатлар эканини таъкидлаган.

“Мамлакат бўлмоқчи бўлсак, аввало, ёшларга маънавий-ахлоқий фазилатларни сингдиришимиз керак. Мамлакатимизда масъулият мафкураси йўлга қўйилиши керак. Дунёдаги вазият жуда қийинлашди. Бундай вазиятда биз бутун халқ бўлиб бирлашишимиз керак. Ҳар бир сиёсатчи, жамоат арбоби, журналист, блогер ёки оддий фуқаро ўз сўзи ва қилмиши учун масъулиятни ҳис қилиши керак. Энди биз қилаётган барча ишлар давлат манфаатларига мос бўлиши керак”, дейди мамлакат етакчиси.

“Давлат техник хизмати” АЖ маълумотига кўра, 25 сентябрдан бошлаб Қозоғистонга кенг кўламли киберҳужумлар уюштирила бошланган. 28 сентябрда киберҳужумлар авжига чиққан.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 58
Рейтинг: 2.9
t
×