Қозоғистондан бензин ва дизель олиб чиқишга қўйилган тақиқ яна узайтирилди
Олам
−
05 Декабрь 2023
4400Қозоғистондан автомобиль йўллари орқали бензин, дизель ёқилғиси ва бир қатор нефть маҳсулотлари экспортига қўйилган тақиқ яна олти ойга узайтирилади. Тегишли ҳукумат қарори республика норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинди.
“Қозоғистон Республикаси ҳудудидан автомобиль транспортида бензин, дизель ёқилғиси ва нефть маҳсулотларининг айрим турларини олиб чиқишни олти ой муддатга тақиқлаш киритилсин”, дейилади ҳужжатда.
Билдирилишича, мазкур тақиқ 2024 йилнинг 14 февралидан кучга киради.
Маълумот учун, Қозоғистонда 2022 йилнинг 12 июлидан бошлаб нефть маҳсулотларини автомобиль йўллари орқали экспорт қилишни олти ой муддатга тақиқлаш жорий қилинган, шундан бери бу чора шу каби муддатларга узайтирилиб келинмоқда.
Энергетика вазирлиги мазкур чора миллий иқтисодиёт барқарорлиги ва ривожланишини таъминлаш ҳамда мамлакат ички бозорида нефть маҳсулотлари тақчиллигининг олдини олиш мақсадида жорий этилаётганини айтган. Вазирликнинг тушунтиришича, мамлакатда бензин ва дизель ёқилғисининг чакана нархлари Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистонга қараганда паст, бу эса чегара ҳудудларидаги транзит транспорти ҳайдовчиларида ёқилғи-мойлаш материалларига талабнинг юқори бўлишига олиб келмоқда.
LiveБарчаси