Қозоғистондаги тўнтаришда суриялик террорчилар қатнашиши режалаштирилгани айтилди
Олам
−
06 Январь
12836Қозоғистонда 2022 йил январда амалга ошмаган давлат тўнтариши ташкилотчилари унда Афғонистон ва Суриядан келган жангарилар иштирок этишини режалаштирган. Бу ҳақда “қонли январь” фожиаларининг икки йиллиги муносабати билан “Хабар” давлат телеканали томонидан намойиш этилган ҳужжатли фильмда сўз борган.
“Агар беқарорлик давом этса, Афғонистон ва Суриядаги бир қатор террорчилик ташкилотлари етакчилари Қозоғистонга ўз тайёргарлигидан ўтган жангариларини жўнатмоқчи бўлган”, дейилган фильмда республика хавфсизлик кучлари маълумотларига таяниб.
Бироқ, фильмда айтилишича, қонуний ҳокимиятнинг инқирозни бартараф этиш бўйича тезкор, қатъий ҳаракатлари фитначиларнинг режаларини чалкаштириб юборган ва Сурия сценарийсининг Қозоғистонда амалга ошишига имкон бермаган.
“Хорижий террорчиларнинг аралашуви воқеаларнинг тўртинчи, якуний тўлқинининг бир қисми сифатида амалга оширилиши ва бу бутун мамлакат бўйлаб радикал гуруҳларнинг уйғонишига олиб келиши керак эди. Бунгача муваффақиятсиз давлат тўнтаришига уриниш режиссёрлари ривожланишнинг учта тўлқинини режалаштирган ва амалга оширган: биринчи навбатда, шиддатли тўқнашувларсиз тинч митинглар, сўнгра норозилик намойиши, талон-торож ва ўт қўйиш билан радикал йўналишда бурилиш ташкил этиш, учинчи тўлқинда эса жиноятчилар ва террорчилар барча шафқатсизлик билан бўй кўрсатиши", дейилади ҳужжатли фильмда.
2022 йил 10 январь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда содир бўлган сўнгги оммавий тартибсизликларни узоқ вақтдан бери тайёрланаётган давлат тўнтаришига уриниш деб атади.
2023 йил апрелида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнатда айбланиб, 18 йилга қамалган эди. У давлатга хиёнат қилиш, ҳокимиятни зўравонлик билан тортиб олиш ва ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилди. МХХ раисининг собиқ ўринбосари – “А” махсус мақсадли хизмат бошлиғи Ануар Садиқулов Масимов билан бир хил айбловлар бўйича айбдор деб топилди. У 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Даулет Эргожин ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Марат Осипов мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилиб, суд уни давлат хизматида лавозим эгаллаш ҳуқуқидан ва уч йилга озодликдан маҳрум қилди.
2022 йил январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар юз берди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбий хизматчиларга ҳужум қилди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ёрдам сўраб Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу ҳодисалар оқибатида 238 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
LiveБарчаси