Қозоғистонда юзни ёпувчи кийимларни кийиш тақиқланади

Олам

image

Қозоғистон парламентининг ҳар икки палатаси жамоат жойларида юзни ёпадиган кийим-кечакларни кийишни тақиқловчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Ушбу ҳужжат давлат раҳбарининг имзоси учун юборилди. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар берди.

Қайд этилишича, гап “Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонунга киритилаётган тузатишлар ҳақида бормоқда. Жорий йилнинг 19 июнь куни бу ҳужжат Сенатда кўриб чиқилган, бироқ у ўша пайтда қабул қилинмаган ва баъзи ўзгартиришлар билан парламентнинг қуйи палатаси – Мажлисга қайтарилган. Бу ўзгартиришлар куч тузилмалари ходимларига уй-жой бериш масалаларига тааллуқли бўлган.

Бироқ Сенат аъзолари жамоат жойларида юзни ёпувчи кийимларни тақиқловчи нормаларга рози бўлган. Мажлис депутатлари қонун лойиҳасини қайта кўриб чиққан ва таклиф этилган тузатишларга розилик билдирган. Энди қонунни Президент имзолаши керак бўлади.

Қайд этилишича, янги ўзгаришлар юзни таниб олишга тўсқинлик қилувчи кийимлардан фойдаланилган ҳолда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ёрдам бериш мақсадида жорий этилмоқда. Бунда айрим истиснолар мавжуд. Масалан, бундай кийим қонун талабларини бажариш, тиббий мақсадлар, фуқаролик муҳофазаси, муайян об-ҳаво шароитлари ёки спорт-маданий тадбирларда иштирок этиш учун ишлатилса, тақиқ татбиқ этилмайди.

Ҳужжатда айнан қандай кийимлар назарда тутилаётгани очиқ ёзилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсиб юрган шахсга нисбатан БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима қўлланилиши белгиланган. Ушбу ҳолатдан тиббий рухсатнома мавжудлиги, ходимнинг иши ушбу вазиятни тақозо этиши каби баъзи истиснолар мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда жамоат жойларида ниқоб кийганлик учун 20 минг сом (2 млн 963 минг 104 сўм) миқдорида жарима солиш таклиф қилинаётгани хабар қилинган эди. Бу ҳақдаги қарор парламентда муҳокама қилинаётган “Диний эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида”ги қонун лойиҳасида кўзда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ниқоб Қозоғистон парламенти юзни ёпувчи кийим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг