Қозоғистонда янги порт қурилади

Олам

image

Қозоғистоннинг Актау шаҳрида янги порт қурилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа бўйича Хитойнинг Zhongyong International Group компанияси стратегик ҳамкор сифатида танланган. Бу ҳақда “Kazakhstan Today” хабар берди.

Хабарга кўра, инвестиция лойиҳаси 300 миллион долларга баҳоланмоқда. Инвестор компания аллақачон мамлакатда рўйхатдан ўтган ва инвестиция шартномасини имзолаш учун зарур ҳужжатларни тайёрламоқда.

Вилоят ҳокими Нурдаулет Килибайнинг маълум қилишича, лойиҳа Хитой – Қозоғистон – Актау – Боку – Поти – Европа йўналиши бўйича янги халқаро транспорт йўлагини шакллантиради.

Унинг таъкидлашича, лойиҳа амалга оширилиши билан юк етказиб бериш муддати 7–15 кунга қисқаради, транспорт харажатлари 18–25 фоизга камаяди ва янги иш ўринлари яратилади.

Мамлакат Бош вазири Олжас Бектенов тегишли агентликларга Актау портида контейнер маркази қурилиши жараёнини мунтазам назорат қилиб боришни топширди.

“Транспорт вазирлиги Актау портида контейнер маркази қурилишига алоҳида эътибор қаратади ва 2026 йилнинг биринчи чораги охирига қадар амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этади”, деди Бектенов.

Бош вазирнинг қайд этишича, ҳудудий маъмуриятлар асосий инфратузилмани – ер участкалари, коммунал тармоқлар, автомобиль ва темирйўлларга киришини таъминлаши зарур.

Маълумот ўрнида, Каспий денгизидаги энг йирик контейнер маркази шу йил ёзда Актауда иш бошлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида минтақани Европа давлатлари билан боғлайдиган Транскаспий йўналишлари катта имкониятларга эга эканига эътибор қаратганди. У ушбу йўналишлардаги ишларни мувофиқлаштириш учун Бош вазир ўринбосарлари даражасида Инфратузилмани ривожлантириш кенгашини тузиш таклиф қилди.

Комила Қобилова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қозоғистон порт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг