Қозоғистонда Россияни қўллаб-қувватлаган депутат ишдан олинди
Олам
−
19 Январь 2023
7487Бугун, 19 январь куни Қозоғистондаги “Ак жол” сиёсий партияси парламент депутатларидан бирини интервьюда Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлагани учун ишдан ҳайдади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, депутат Азамат Абилдаев шу ойда Европадаги радиолардан бирига Россия “махсус ҳарбий операция” деб атаётган Украинадаги урушни қўллаб-қувватлашини, Киев ҳукуматини эса “нацистлар” дея таърифлашини айтган. Шундан сўнг, Абилдаев аъзо бўлган “Ак жол” партияси йиғилиш ўтказиб, унинг изоҳларини муҳокама қилган. Мажлис сўнггида партия Абилдаевни ўз лавозимидан четлаштириш ва марказий сайлов комиссиясидан унинг мандатини бекор қилишни сўрашга қарор қилган.
“Партиямиз Қозоғистон ва бошқа дўст давлатларнинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини доимо ҳурмат қилади ва қўллаб-қувватлайди”, дейилади “Ак жол” партияси баёнотида.
Таъкидлаш жоиз, Қозоғистон ҳукумати Россия билан анъанавий яқин алоқаларга эга бўлишига қарамай, унинг Украинадаги босқинини қўллаб-қувватламайди ва аннекция қилинган ҳудудларни ҳам тан олмайди. “Ак жол” партияси ҳам расмий равишда мухолифат партияси бўлсада, асосий масалаларда ҳукумат чизиғидан чиқмайди.
Шунингдек, ўтган ой эълон қилган “Demossope” маҳаллий сўровномаси натижалари ҳам қозоғистонликларнинг кўпчилиги Украинани қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Абилдаевнинг изоҳлари эса “Ак жол” партиясининг келаси ойларда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари парламент сайловларидаги истиқболига путур етказиши мумкин эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси