Қозоғистонда парламент тарқатиб юборилди
Олам
−
19 Январь 2023
9157Қозоғистон Республикаси парламенти Мажлиси тарқатиб юборилди ва янги парламент қуйи палатасига муддатидан олдин бўладиган сайлов жорий йилнинг 19 мартида ўтказилиши маълум бўлди. Бу ҳақдаги тегишли фармон бугун, 19 январь куни республика Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан имзоланди.
“Қарор қиламан: еттинчи чақириқ Қозоғистон Республикаси парламенти Мажлиси тарқатиб юборилсин. 2023 йил 19 мартга Қозоғистон Республикаси парламенти мажлиси депутатларининг навбатдан ташқари сайлови тайинлансин”, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, Тўқаев барча даражадаги маҳаллий вакиллик органлари ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги фармонни ҳам имзолади. Марказий сайлов комиссиясига навбатдан ташқари депутатлар сайловини тайинлаш, унга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни ташкил этиш чораларини кўриш топширилди.
Маълумот учун, ўтган парламент сайлови 2021 йил 10 январда бўлиб ўтганди. Унинг натижаларига кўра, ҳукмрон “Нур Отан” (кейинчалик “Аманат” номи ўзгартирилган) партияси 71,09 фоиз, Қозоғистон Халқ партияси 9,10 фоиз, “Ак Жол” партияси 10,95 фоиз овоз тўплаган. Сайловда қатнашган яна икки партия 7 фоиздан кам овоз олиб, парламент таркибига киргизилмаган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь