Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист Ақжол Меирбеков вафот этди
Маданият-санъат
−
27 Ноябрь 2023
5219Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист, “Дос-Мукасан” ансамбли солисти Ақжол Меирбеков 25 ноябрь куни 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Zakon” маҳаллий нашри хабар берди.
Билдирилишича, хонанда узоқ давом этган хасталикдан вафот этган. Унинг ўлими ҳақидаги хабарни ансамбль бадиий раҳбари Дониёр Кусаинов маълум қилган.
“Афсуски, бир неча соат олдин “Дос-Мукасан” ансамбли солисти, Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист, “Қурмет” ордени соҳиби Ақжол Меирбеков оламдан ўтди. Бу биз учун катта йўқотиш. Дўстимизнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз”, дейди у.
Маълумот учун, Меирбеков 1950 йил 26 июлда Жанубий Қозоғистоннинг Арис шаҳрида туғилган. У Тошкент мусиқа техникуми ва Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. Қўшиқчи Ўзбекистон пойтахтида ўтказилган “Салом, биз истеъдодларни қидирамиз” телетанловида қатнашиб, совринли ўринни эгаллаган. 1994-1996 йилларда “Гулдер” ансамбли директори ва бадиий раҳбари лавозимларида ишлаган.
"Дос-Мукасан" 1967 йилда Қозоғистон политехника институти талабалари томонидан яратилган вокал-чолғу ансамблидир. Гуруҳ қозоқ ва рус тилларида қўшиқлар ижро этади. Ансамбль бир қанча халқаро мусиқа фестивалларида лауреат бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ россиялик актриса ва театр режиссёри Полина Меньших саҳнада вафот этганди.