Қозоғистонда қор бўрони туфайли 37 та шаҳарлараро йўл ёпилди
Олам
−
09 Январь 2023
7212Қозоғистон ҳукумати қор бўрони, яхмалак ва туман сабабли 37 та шаҳарлараро автомагистрални ёпиб қўйди. Бу ҳақда республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.
Остона шаҳар таълим бошқармаси вақтинчалик масофавий таълимга ўтиш ҳақида эълон қилди. Бундай чора-тадбирлар мамлакатнинг бошқа қатор вилоятларида ҳам амалга оширилди.
Пойтахт Остона ва 11 вилоятда бўрон ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.
Оқмўла вилоятида 8 январь куни Остона-Петропавловск йўлининг 236-километрида 9 та автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бундан ташқари, қутқарувчилар Жезқазғон – Улитау трассасида қолиб кетган автобусдан 23 нафар йўловчини эвакуация қилди.
9 январь куни эрталаб Остонада икки мингдан ортиқ йўлчилар қор тозалашга чиқди, 1,5 мингга яқин махсус техника жалб қилинди. 8 январдан 9 январга ўтар кечаси шаҳардан 39 минг куб метрдан ортиқ қор олиб чиқилди.
Шаҳарда ҳаво ҳарорати 30 даражадан пастга тушди. Ғайритабиий совуққа қарамай, минглаб йўл ишчилари пойтахт кўчаларини қордан тозалашга чиққан.
Остона маъмурияти шаҳар аҳолиси ва меҳмонларидан хавфсизлик чораларига риоя қилишни ва узоқ вақт ташқарида бўлмасликни сўради.
LiveБарчаси