Қозоғистонда ичида 31 ўзбекистонлик бўлган автобус ёниб кетди

3-саҳифа

image
0:00
0:00
download

Қозоғистон Республикасининг Жамбул области Жамбул районида 31 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ёниб кетди. Оқибатда уч киши тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди. 

Ҳодиса бугун, 15 июнь куни Қозоғистон вақти билан соат 03:10 да Жамбул области Жамбул районидан ўтувчи “Алмата-Тошкент” автомобиль йўлининг 545 километрида содир бўлган. Гап шундаки, Қозоғистон Республикаси “Қизил тан” қишлоғидан 7 км узоқликда трикотаж маҳсулотлари ортилган юк машинасининг ёниши оқибатида, автомобиль йўлида тирбандлик юзага келган. Соат 03:40 ларда “Алмата-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган юк машинаси 2 та йўловчи ташиш автобуси ва 1 та енгил автомобиль билан тўқнашув содир этган. Тўқнашув оқибатида ушбу автотранспорт воситаларида ёнғин келиб чиққан. 

Ёнғин содир бўлган автобусларнинг бирида 31 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ва улардан 3 нафари ўрта даражада тан жароҳати билан Тараз шаҳар тиббиёт масканига олиб борилган. ФВВдан хабар қилишларича, ҳозирда ушбу фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

“Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дўст Қозоғистон масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришмоқда.

Ҳолат юзасидан Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан маълумот алмашинуви давом этмоқда”, дейилади Ўзбекистон ФВВ ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 май куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Жаулин туманида Ўзбекистон фуқароларини олиб кетаётган автобус ЙТҲга учради. Автобусда 53 нафар йўловчи, жумладан, 47 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Ҳодиса оқибатида 3 нафар Ўзбекистон фуқароси қурбон бўлди. 

14 май куни Жамбил вилоятида юз берган ЙТҲда жабрланган Ўзбекистон фуқаролари Ватанга қайтарилди. Олиб келинган 23 нафар фуқародан, 18 нафари Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига жойлаштирилган, 5 нафар фуқаронинг аҳволи яхши бўлгани учун уйига жавоб берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

380

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг