Қозоғистонда энди паспортни терминал орқали олиш мумкин
Олам
−
04 Март 2023
4185Қозоғистон ҳукумати паспорт ва шахсий гувоҳномаларни махсус терминал орқали расмийлаштира оладиган лойиҳани синов режимида ишга туширди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Дастлаб бундай қурилма Остона туманларидан биридаги давлат хизматлари марказига ўрнатилди.
“Қозоғистонда биринчи марта Ички ишлар вазирлиги Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги билан биргаликда ҳужжатлар терминалидан фойдаланган ҳолда фуқароларга паспорт ва шахсий гувоҳнома бериш бўйича тажриба лойиҳаси ишга туширилмоқда. Энди унинг ёрдамида ҳар бир фуқаро мустақил равишда паспорт ёки шахсий гувоҳнома олиш учун мурожаат қилиши мумкин”, дейди янги терминал тақдимотида иштирок этган Ички ишлар вазири Марат Ахметжанов.
Терминалдан фойдаланиш учун мижоз барча маълумотларни тўлдириши, биометрик идентификациядан ўтиши, расмга олиши, имзо қўйиши ва QR-код ёрдамида хизмат ҳақини тўлаши керак.
“Хизмат олувчи терминал орқали ариза топширгандан сўнг, миграция хизмати ходимига мурожаат қилиши керак. У аризанинг тўғрилиги, фотосурат ва имзонинг талабларга мувофиқлигини текширади. Жараён бир неча дақиқа давом этади. Бунга қадар ушбу жараёнларда ҳужжатларни аҳоли қўлда тўлдирар эди”, деб тушунтирилади вазирлик баёнотида.
Давлат хизматлари марказида тайёр ҳужжатларни бериш автоматлаштирилган пункти ҳам фаолият юритмоқда.
“Умуман олганда, ушбу технология давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати ва тезлигини оширади, ҳужжатларни кўриб чиқиш вақтини сезиларли даражада қисқартиради ва коррупция хавфини минималлаштиради, чунки барча жараёнлар мутлақо шаффоф бўлади”, дейилади вазирлик хабарида.
Қозоғистон рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Багдат Мусиннинг таъкидлашича, ҳозиргача бундай терминал фақат Остонада ўрнатилган.
“Келгусида ушбу лойиҳани барча ҳудудларда амалга ошириш режалаштирилган. Бундай янгиликлар жамиятимиз ва давлат идораларини дебюрократлаштириш, давлат хизматларини кўрсатишнинг шаффофлигини таъминлаш йўлидаги навбатдаги ҳаракатдир. Биз давлат хизматларидан фойдаланиш сифатли ва тезкор бўлишини таъминлашга интиламиз”, деб ёзади у Telegram-каналида.
LiveБарчаси