Қозоғистонда бўлиб турган ва транзит йўналишида ҳаракатланаётган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Жамият
−
25 Май
19490Қозоғистон Республикасида бўлиб турган ва транзит йўналишида ҳаракатланаётган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатда кузатилаётган совуқ об-ҳаво шароитларидан огоҳлантирилади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда Қозоғистон Республикасининг ҳудудларида об-ҳавонинг кескин совуши оқибатида йўлларда ҳаракатланиш билан боғлиқ қатор ноқулайликлар юзага келмоқда. Шунингдек, яқин ҳафталар давомида ҳам совуқ ҳаво ҳарорати сақланиб қолиши сабабли Республика даражасидаги автойўлларда ҳаракатланиш чекланган.
“Шу муносабат билан, ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан йўлларда ҳаракатланишда барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни, хавфсиз транспорт воситаларидан фойдаланишни, зарурат бўлмаганда узоқ масофали йўлларда транспорт воситаларида ҳаракатланмасликни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 25 май куни Қозоғистон шимолидаги Оқмола вилоятида қор ёғиши сабабли республика ва вилоят аҳамиятига эга йўлларнинг бир қанча участкаларида транспорт ҳаракати чекланганди.