Қозоғистонда беморлар кўпайди, Кореядан эса вирус чекиняпти – сўнгги 24 соат хабарлари

Олам

image

Дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони ошиб бормоқда. 13 апрель маълумотларига кўра, айни дамда 1 848 503 нафар одам инфекциядан зарарланган. Ушбу касалликдан 114 629 бемор вафот этди. Шифо топган беморлар сони эса кескин ошиб, улар сони 431 629 кишини ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳам ижобий томонга ўзгарган. Гарчи Республикада инфекциядан зарарланганлар сони 865 нафарни ташкил этаётган бўлса-да, шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан 66 нафар бемор ундан буткул соғайган. Вафот этганлар сони эса 4 нафарни ташкил этмоқда.

Қозоғистонда ҳам сўнгги 24 соат ичида коронавирусга яна 10 киши чалинди ва мамлакатдаги беморларнинг умумий ҳисоби 961 нафарга етди. Инфекция юқтирган янги беморларнинг 7 нафари Олма-ота шаҳридан, 2 нафари пойтахт Нур-Султондан ва 1 нафари Қизилўрда вилоятидан.

Хитойда сўнгги 24 соат ичида коронавирус инфекциясининг 108 ҳолати аниқланди, икки киши ҳалок бўлди, 88 бемор даволанди. Бу ҳақда ХХР давлат соғлиқни сақлаш қўмитаси хабар бермоқда. Аниқланишича, 108 та янги ҳолатдан 98 таси четдан кирган, қолган 10 таси маҳаллий аҳолининг ўзаро мулоқотидан юқтирилган.

Эквадордаги коронавирус билан боғлиқ вазиятда мамлакат раҳбарияти ва амалдорларнинг маоши икки баравар камайтирилади, деди президент Ленин Морено. “Мен президент, вице-президент, вазирлар ва вазир ўринбосарларининг ойлик иш ҳақини 50 фоизга камайтиришга қарор қилдим. Барча амалдорлар ва парламент аъзолари ҳам буни амалга оширади”, деб ёзди у Twitter’даги ўз саҳифасида.

АҚШда янги турдаги коронавирус қурбонлари сони 2220 га ошди, 555 мингдан ортиқ одам уни юқтириб олди. Бу ҳақда Жонс Хопкинс университети маълумотларида келтирилган. Таъкидланишича, Қўшма Штатларда инфекциядан шифо топганлар сони 33 мингга яқинлашди. Мамлакатда 2,8 миллиондан ортиқ тест ўтказилган.

Қрим Республикасида коронавируснинг янги ҳолати аниқланиб, беморларнинг умумий сони 32 кишига кўпайди. “Қрим Республикасида коронавирус инфекциясининг яна бир янги ҳолати тасдиқланди... Шундай қилиб, ҳозирги кунда 32 нафар бемор рўйхатга олинган”, дейилади мамлакат соғлиқни сақлаш қўмитаси берган ахборотда.

Жаҳоннинг бошқа мамлакатларида эса қуйидаги ҳолат кузатилмоқда: Грузияда инфекция юқтирганлар сони 257 нафарга етди, 67 бемор оламдан ўтди. Молдовада эса касалликдан вафот этган беморлар миқдори 32 нафарни ташкил қилмоқда. Жанубий Кореяда вирусдан зарарланганларнинг умумий сони 10 537 нафарга етди, 217 бемор ҳаётдан кўз юмди. Аммо бу ҳолат февраль ойи суръатига қараганда, 4,7 фоиз пасайишни кўрсатмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Корея

Баҳолаганлар

466

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг