Қозоғистонда Афғонистондан Европага ноқонуний миграция канали тўхтатилди
Олам
−
20 Март
4037Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари Афғонистон фуқароларининг Россияга ва ундан кейин Европа давлатларига ноқонуний миграция канали ишини тўхтатди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
“Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг “Олмаота” чегара назорати бошқармаси Миллий хавфсизлик қўмитасининг Олмаота шаҳар бошқармаси билан биргаликда ва прокуратура билан келишилган ҳолда Афғонистон фуқароларининг Қозоғистон ҳудуди орқали Россия ва ундан кейин Европа давлатларига ноқонуний миграция каналига чек қўйди. Шу тариқа, 16 март куни тўрт нафар Афғонистон фуқароси мансабдор шахсга 5 минг доллар миқдорида пора беришга уринган вақтда жиноят устида қўлга олинди”, дейилади хабарда.
Тергов маълумотларига кўра, бу маблағлар Испания ва Португалиянинг сохта паспортларидан фойдаланган ҳолда афғонистонликларни Олмаота халқаро аэропорти орқали олиб ўтишни ташкил этишга мўлжалланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг “Ноқонуний миграцияни ташкил этиш” ва “Пора бериш” моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Суднинг санкцияси билан ушланган шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
LiveБарчаси