Қозоғистонда 5 кишининг умрига зомин бўлган ЙТҲ содир бўлди
Олам
−
28 Февраль 2020
6322Бугун, 28 февраль куни Қозоғистон ғарбидаги Атирау вилоятидан ўтган Кульсари-Тенгиз трассасида иккита енгил машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Оқибатда 5 киши ҳалок бўлди, 1 нафари эса шифохонага ётқизилди. Бу ҳақида Республика ИИВ маълум қилмоқда.
Вазирлик маълумотларига кўра, авария нефтчиларнинг Тенгиз посёлкасидан 25 километр узоқликда содир бўлган.
“Россияда рўйхатдан ўтган Chevrolet Aveo машинасида Қозоғистоннинг 4 нафар фуқароси бўлган. Уларнинг барчаси ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Иккинчи автомобиль "Лада 2131"ни Ғарбий-Қозоғистон вилоятида истиқомат қилувчи шахс бошқарган. Ҳайдовчи олган жароҳатлари туфайли вафот этган, унинг йўловчиси эса шифохонага ётқизилган”, дейилади хабарда.
Ушбу ҳолат бўйича "Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ одамнинг ўлимига сабабчи бўлиш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Бахтсиз ҳодиса сабаблари аниқланмоқда, суд экспертизаси тайинланган.