Қозоғистонда 2025 йилда сайлов бўладими?
Олам
−
03 Январь
4077Қозоғистонда муддатидан олдин парламент ва президент сайловлари бўлиши ҳақидаги хабарлар пайдо бўлмоқда. Мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса “Ana tili” газетасига берган интервьюсида буни рад этди.
"Назаримда, парламент сайловларини муддатидан олдин ўтказиш учун ҳозирча ҳеч қандай шарт-шароит йўқ. Сайлов қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ўтказилади. Парламент узоқ муддатли ишларга қаратилган. Ҳукумат тасдиқланган дастур ва режалар асосида иш олиб боради ва ижобий натижаларга эришиш сари босқичма-босқич ҳаракат қилмоқда. Стратегик мақсад – мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш ва минтақавий етакчиликни мустаҳкамлаш", деди Тўқаев.
Шунингдек, Президент 2026 йилда БМТга раҳбарлик қилишни режалаштираётгани ва шу муносабат билан мамлакатда навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказилиши ҳақидаги хабарларга ҳам изоҳ берди.
"Мен БМТ Бош котиби ўринбосари ва Қуролсизланиш бўйича конференция Бош котиби сифатида қарийб уч йил давомида БМТнинг Женева офисига раҳбарлик қилиш имконига эга бўлдим. Фойдали тажриба ва халқаро жараёнлар механизмлари ҳақида тушунчага эга бўлдим. Менимча, бу етарли даражада кўп. Мамлакатни ривожлантириш бўйича узоқ йилларга мўлжалланган катта режаларим бор, уларни амалга ошириш ниятидаман", деди Президент.
Маълумот учун, Қозоғистонда охирги парламент сайловлари 2023 йил 19 март куни бўлиб ўтган. Мажлис депутатлари сайлови билан бир қаторда барча даражадаги (туман, шаҳар, вилоят) маслаҳатлар депутатлари сайлови ҳам бўлиб ўтди. Сайлов натижаларига кўра, "Аманат" партияси парламент Мажлисида энг кўп ўрин эгаллади.
Қозоғистон Республикаси Президентининг навбатдан ташқари сайлови эса 2022 йил 20 ноябрда бўлиб ўтди. Унда 81,31 % овоз билан Қосим-Жомарт Тўқаев ғалаба қозонди.
LiveБарчаси
06 Январь