Қозоғистон Ўзбекистон билан сув масаласини қайта кўриб чиқмоқчи
Олам
−
29 Июнь 2023
165922023 йил охиригача Қозоғистон Қирғизистон ва Ўзбекистон билан Сирдарё ҳавзаси ресурсларидан фойдаланиш бўйича келишувни ўзгартиришни режалаштирмоқда. Бу имконият 2023-2029 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш концепциясида ўз ифодасини топган.
Ҳужжатнинг қисқача тавсифида қайд этилишича, сув бўйича амалдаги келишув 1998 йилдан бери амал қилади. Ҳужжат ирригация ва энергетикада Сирдарё ресурсларидан фойдаланишни тартибга солади.
Ҳозирги шароитда ГЭСларда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ортиқча қисми Қозоғистон ва Ўзбекистонга тўғри келади. Бунинг эвазига Қирғизистон қўшниларидан энергетика, молия ва тижорат хизматларини олади.
Сув танқислиги минтақадаги асосий ва кучайиб бораётган муаммолардан биридир. Климатологларнинг фикрича, минтақанинг айрим мамлакатларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига босим 2,8 баробар ортади. Яна 10 йилдан кейин, 2050 йилга бориб, Сирдарё 15 фоизга саёзлашиши мумкин.
Ҳужжатнинг батафсил мазмуни номаълум.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 30 ноябрь куни Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишга оид қонунларни имзолаганди.
Қирғизистон билан келишувга мувофиқ умумий узунлиги 302,29 километр бўлган чегара чизиғи, жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг 35 та участкаси белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистон ўз ҳудудига Андижон (Кампиробод) сув омборининг 4957 гектарини ҳамда тўғонни сақлаш ва муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектарни олади. Қирғизистон компенсация сифатида 1019 гектар яйловни олади.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон томони сув омборидаги сув сатҳини 900 метрдан ортиқ бўлмаган даражада ушлаб туриш, қирғиз халқининг ресурслардан эркин фойдаланишини таъминлаш (ҳайвонларни суғориш, суғориш, балиқ овлаш), сув омбори атрофида муҳандислик-техник иншоотлар ўрнатмаслик мажбуриятини олган.
Қирғизистон томони эса сувни муҳофаза қилиш зоналари ташкил этилиши ва сувдан фойдаланиш режимига риоя этилишини таъминлаш мажбуриятини олган.
LiveБарчаси