Қозоғистон Тошкентдан 700 км узоқликда АЭС қуради

Олам

image

Қозоғистонда биринчи атом электр станцияси (АЭС) Олмаота вилоятининг Жамбил туманидаги Улкен қишлоғи ҳудудида қурилади. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишча, Республика қонунчилигида атом иншоотлари қурилиши участкаси тўғрисидаги қарор маҳаллий вакиллик органларининг розилиги билан мамлакат ҳукумати томонидан қабул қилинади. Улкен қишлоғида АЭС қурилиши тўғрисидаги қарор Олмаота вилояти маслаҳат кенгаши томонидан 2022 йил ноябр ойида бир шарт билан маъқулланган – ҳудуд аҳолиси лойиҳани қўллаб-қувватлаши керак.

Энергетика вазирлиги Қозоғистонда АЭС қурадиган компания ҳақида ҳали якуний қарорга келмади. Бу бўйича даъвогарлар рўйхатидан тўртта компания жой эгаллаган:

•  Хитойнинг CNNC компанияси HPR-1000 реактори билан;

•  Жанубий Кореянинг KHNP компанияси HPR-1400 реактори билан;

•  Россиянинг Росатом компанияси VVER-1200 ва VVER-1000 реакторлари билан;

•  Франциянинг EDF компанияси EPR-1200 реактори билан.

Маълумот учун, Улкен қишлоғи Қозоғистоннинг Балхаш кўли яқинида ва Тошкент шаҳридан тахминан 700 километр узоқликда жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон аҳолиси мамлакатда атом электр станцияси қурилишини хоҳламаётгани ҳақида хабар берилган эди. Шу сабабдан АЭС қуришга қарши овоз йиғиш мақсадида онлайн петиция эълон қилинди. Унинг муаллифлари фуқаролар ва атроф-муҳитга таҳдиддан қўрқиб, атом электр станциялари қурилишини тақиқлашни таклиф қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон АЭС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг