Қозоғистон танкерларига ҳужум ортидан АҚШ Украинани огоҳлантирди — WSJ (видео)
Олам
−
26 июл 15318 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп администрацияси кемачилик соҳаси вакиллари билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг Украинани Қора денгиз акваториясида Россияга тегишли бўлмаган нефть танкерларига зарба беришдан огоҳлантирди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашр манбасининг тушунтиришича, Вашингтонни айниқса Каспий қувур консорциуми (КҚК) хавфсизлиги хавотирга солмоқда — бу Қозоғистон нефтини Европа бозорларига етказиб беришнинг асосий йўналиши бўлиб, Россия энергия ресурсларига муқобил сифатида кўрилади.
Муҳокамаларга жорий йил 19 июль куни Новороссийскдаги КҚК денгиз терминалига дронлар томонидан қилинган ҳужум сабаб бўлган. Ўша ҳужум оқибатида танкерларга нефть ортиш тўхтатиб қўйилган. КҚК баёнотида компания санкциялар остида эмаслиги, у Россия, АҚШ, Қозоғистон ва Ғарбий Европа мамлакатларининг энг йирик ёқилғи-энергетика мажмуаси корхоналарини бирлаштириши, объект ва фуқаролик кемаларига қилинган ҳужум эса “КҚКга аъзо мамлакатлар манфаатларига ҳужум” экани таъкидланган. Консорциум, шунингдек, содир бўлган воқеани халқаро ҳуқуқ ҳимоясидаги фуқаролик объектига нисбатан “тўғридан тўғри тажовуз” деб атаган.
WSJ ёзишича, Оқ уй билан, хусусан, АҚШнинг Chevron компанияси алоқага чиққан. У КҚК акцияларининг 15 фоизига ва Қозоғистондаги Тенгиз кони акцияларининг 50 фоизига эгалик қилади (бу кон компаниянинг дунё бўйича жами қазиб олиш ҳажмининг тахминан 12 фоизини таъминлайди). Компания раҳбарияти нефть бозоридаги вазиятни муҳокама қилиш ва минтақадаги ўз манфаатларини ҳимоя қилишга уриниш учун юқори лавозимли америкалик мулозимлар билан учрашувлар ўтказган. Сўнгги йилларда Chevron Тенгизда қазиб олишни кенгайтиришга қарийб 48 миллиард доллар инвестиция киритиб, қувватни кунига 1 миллион баррелгача оширган эди.
Chevron таҳлилчиларининг фикрича, агар Украина ҳужумларни давом эттирса, компания кондаги қазиб олиш ҳажмини қисқартиришга мажбур бўлади.
Нашрнинг қайд этишича, қувур ва нефть конлари шикастланмаган, аммо қазиб олишнинг узоқ муддатли қисқариши Chevron’нинг ушбу минтақадан оладиган пул тушумларининг салмоқли қисмини хавф остига қўяди. КҚК қувури орқали ҳар куни тахминан 1,4 миллион баррель нефть ташилади, унинг катта қисми Европа бозорларига йўналтирилади.
Шу ҳафта бошида Новороссийскдаги КҚК терминали дронлар ҳужуми сабабли ўз ишини вақтинча тўхтатди, Қозоғистон эса қазиб олишни қисқартиришга мажбур бўлди.
“Bloomberg” маълумотларига кўра, Қозоғистон нефть экспортининг қарийб 80 фоизи конларни Қора денгиз терминали билан боғлайдиган КҚК тизими орқали ўтади. Қозоғистон ТИВ ҳужумларни қоралаб, уларни қабул қилиб бўлмас деб атаган ҳамда бу республиканинг иқтисодий манфаатларини бузиши ва глобал энергетика бозори барқарорлигига путур етказишини маълум қилган.
Ўз навбатида, Украина КҚК терминалидаги танкерларга қилинган ҳужумларга алоқадорлигини рад этган.
Live
Барчаси