Қозоғистон Сенатига сайлов қачон бўлиши маълум қилинди
Олам
−
26 Ноябрь 2022
3532Қозоғистон парламенти Сенатига навбатдаги сайловлар 2023 йилнинг 14 январида бўлиб ўтади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг фармонида келтирилган.
“Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати депутатларининг 2023 йилда конституциявий ваколат муддати тугаши муносабати билан мамлакат парламенти Сенати депутатлари сайловини 14 январга тайинлаш тўғрисида қарор қабул қиламан”, дейилади фармонда.
Республика ҳукуматига, шунингдек, Остона, Олмаота ва Чимкент шаҳарлари ҳокимликлари раҳбарлари, вилоятлар раҳбарларига депутатлар сайловини ташкилий ва молиявий таъминлаш чораларини кўриш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, мамлакатнинг амалдаги Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев сайловчиларнинг 80 фоиздан ортиқ овозини олиб, ғалаба қозонди.
Қозоғистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2024 йилда бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ 1 сентябрь куни Тўқаев халққа мурожаатида муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини эълон қилди. 17 сентябрь куни у конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолаб, президент ваколатларини етти йиллик қайта сайланмаслик муддати билан чеклади. Илгари республика раҳбари беш йил кетма-кет икки муддатга сайланиши мумкин эди.
Аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 26 ноябрь куни мамлакат халқига қасамёд қабул қилиб, давлат раҳбари лавозимига расман киришгани маълум қилинган эди.
LiveБарчаси