Қозоғистон Россия устидан шикоят қилди

Олам

image

Қозоғистон ҳукумати Россия билан чегарадаги навбатлар ва Россия миграция қонунчилигидаги ўзгаришлар туфайли юзага келган қийинчиликлар бўйича Евроосиё иқтисодий комиссиясига (ЕИК) мурожаат юборди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Остона юзага келган вазиятни “ташқи савдога тўсқинлик қилувчи тўсиқ” деб эътироф этмоқчи. Масала жорий йилнинг 13 октябрь куни ЕИК йиғилишида, шунингдек, 7 ноябрь куни Қозоғистон ва Россия ўртасидаги Ҳукуматлараро ҳамкорлик комиссияси мажлисида кўриб чиқилади.

Баёнотнинг асосий қисми чет эллик фуқароларнинг Россияга кириш-чиқиш қоидаларидаги янги тартибларга бағишланган. Амалдаги қонунга кўра, энди мамлакат ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан бир йил ичида 90 кундан ортиқ қолиш мумкин эмас – кириш ва чиқиш сонидан қатъи назар. Илгари бу муддат 180 кун эди.

Мазкур чекловлар халқаро ташувлар билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга ҳам татбиқ этилади. Бундан ташқари, бу муддат Россия ва Беларусь учун умумий тарзда ҳисобланади.

Қозоғистон ҳукуматининг эслатишича, мамлакатда бу борадаги қоидалар анча юмшоқ: чет элликлар рўйхатдан ўтмасдан олти ой давомида 90 кунгача бўлишлари мумкин. Бу чеклов халқаро юк ва йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга татбиқ этилмайди. Бу меъёрлар халқаро амалиётга тўлиқ мос келади.

Мажлис (парламент) депутати Болатбек Нажметдинулининг сўзларига кўра, Россиянинг янги қоидалари нафақат халқаро ташувчиларни, балки Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида фаолият юритувчи ҳайдовчиларни ҳам қамраб олган.

Унинг айтишича, кўплаб ҳайдовчилар аллақачон рухсат этилган қолиш муддатини тугатган ва ишга қайтиш учун янги йилни кутишга мажбур. 90 кунлик муддатни ошириб юборган айрим ҳайдовчилар эса қўлга олинган ва Россияни тарк этиш ҳақида огоҳлантириш олган.

Баёнотда қайд этилишича, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошланган “кулранг импорт”га қарши текширувлар ҳам чегарадаги вазиятни мураккаблаштирган. Қозоғистон ҳукуматининг маълум қилишича, қўшимча назорат юк ташувчи транспорт воситаларининг текширув вақтини узайтирган.

Қайд этиш жоиз, Қозоғистон-Россия чегарасидаги навбатлар жорий йилнинг сентябридан бери сақланиб қолмоқда. Расмий томонлар жиддий муаммолар йўқлигини таъкидлашса-да, Қозоғистон ОАВлари айрим юк машиналари Россия томонида узоқ текширувлардан қўрқиб, Қозоғистон ҳудудида қолаётганини хабар қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон миграция қонунчилиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг