Қозоғистон Олмаотада сейсмик аудит ўтказмоқчи
Олам
−
11 Март 2023
6069Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов Олмаотага ишчи ташрифи чоғида шаҳарда сейсмик аудит ўтказиш ва қурилишда назорат чораларини кучайтириш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда “Central Asia” хабар берди.
Қайд этилишича, 2 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган Олмаота шаҳри сейсмик фаол зонада жойлашган. Шунинг учун ҳам Бош вазир шаҳардаги сейсмик хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратган.
“Туркия ва Сурияда содир бўлган фожиа республика, хусусан, Олмаота учун катта сабоқ бўлиши керак”, деган Смаилов
Бош вазирнинг таъкидлашича, шаҳардаги объектларни паспортлаштириш охирги марта 2017-2018 йилларда ўтказилган. Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда қисқа вақт ичида аудит ўтказиш ва сейсмик хавфсизликни ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш топширилган.
“Нафақат Олмаотада, балки республиканинг зилзилага мойил бўлган бошқа барча ҳудудларида ҳам ушбу масалалар бўйича жаҳон тажрибасидан фойдаланиш зарур. Ваколатли давлат органлари илгари бекор қилинган лойиҳалаш, қуриш ва назорат қилиш жараёнларини қонунчиликда қатъийлаштириш масаласини тезкорлик билан кўриб чиқиши керак”, дейди Қозоғистон Бош вазири.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш вилоятида 7,7 ва 7,6 магнитудали иккита вайронкор зилзила содир бўлди. Ер қимирлашлари ва минглаб ерости силкинишлари республиканинг 11 вилояти ва қўшни мамлакатларда сезилган бўлиб, улардан Сурия энг кўп жабр кўрган. Туркияда қурбонлар сони 48 мингдан ошди. Туркияга етказилган табиий офатдан жами зарар, БМТ прогнозларига кўра, 100 миллиард доллардан ошиши мумкин
LiveБарчаси