Қозоғистон МХҚ собиқ раҳбарига ҳукм эълон қилинди
Олам
−
24 Апрель 2023
12361Бугун, 24 апрель куни суд Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимовга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар берди.
Остона шаҳар Жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро судида Қозоғистон Республикаси МХҚнинг собиқ раиси Карим Масимов ва унинг ўринбосарлари Ануар Садиқулов, Даулет Ергожин, Марат Осиповга нисбатан жиноят иши бўйича ҳукм эълон қилинган.
Иш суд томонидан “Ўта махфий” рукни остида кўриб чиқилган.
Карим Масимов ва Ануар Садиқулов давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланган. Даулет Ергожин ҳам Қозоғистон Республикасида ҳокимиятни мажбуран эгаллаб олиш мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланган Марат Осипов эса ҳокимият ва мансаб ваколатларидан ортиқча фойдаланишда айбланган.
Суд қарори билан Карим Масимовга 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш, мулкни мусодара қилиш, давлат хизматидаги лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ануар Садиқулов эса 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, давлат хизматидаги лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш билан жазоланган.
Даулет Ергожинга эса 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш, давлат хизматидаги лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Марат Осипов эса давлат хизматидаги лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан ва уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Масимов, Садиқулов, Ергожин ва Осиповлар генерал унвонлари ва давлат мукофотларидан маҳрум қилинди.
“Давлат даромадига 10 миллиард тенге ва 24 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ундирилди”, дейилади суд хабарида.
Суд ҳукми қонуний кучга кирмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Қозоғистонда тартибсизликларга айланган оммавий намойишлардан сўнг юқори мартабали махсус хизмат ходимларини ҳибсга олиш бошланди. Дастлаб Масимов Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари лавозимидан четлаштирилиб, давлатга хиёнатда гумон қилиниб, ҳибсга олинди, унинг ўрнига Сагимбаев тайинланди. Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг ўринбосарлари – Ануар Садиқулов ва Даулет Ергожин ҳам ўз лавозимларидан четлаштирилди. 13 январь куни Масимов ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қаратилган ҳаракатларда ҳам гумон қилинаётгани маълум бо‘лди. Садиқулов ва Ергожиннинг ҳибсга олингани ҳақида ҳам айтилди. Кейинроқ, Масимов ва Садиқулов суд томонидан ҳибсга олинган ва иш “ўта махфий” тоифасига киритилган. 7 февраль куни Ергожин ҳам суд санкцияси билан ҳибсга олинган.
Масимовнинг уйи тинтув қилинганида 17,2 миллион АҚШ доллари миқдорида нақд пул, шунингдек, кўплаб ҳашаматли буюмлар аниқланган.
Масимов Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори ҳисобланган.
LiveБарчаси