Қозоғистон коронавируснинг янги тўлқинига тайёргарлик кўрмоқда. Чекловлар кенгаяди
Олам
−
09 Сентябрь 2020
8890Қозоғистонда коронавируснинг янги турини юқтирганларнинг 94 фоизга яқини соғайди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Асқар Мамин бугун, 9 сентябрь куни ўтказилган ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
"Ўз вақтида кўрилган чоралар коронавирус билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштирди. Ҳозирги кунда вирус юқтирганларнинг 94 фоизи соғайиб кетган, юқумли касаллик шифохоналарининг юкламаси 15 фоизни ташкил қилмоқда. Тез тиббий ёрдамга коронавирус масаласи бўйича чақирувлар 80 фоизгача камайган", дейди Мамин.
У шахсий ҳимоя воситалари ва дори воситалари захираси шаклланганлигини таъкидлади. Қайд этилишича, август ойидан бошлаб, аҳоли ушбу вирусли инфекцияни амбулатор шароитида даволаш учун бепул дори-дармонлар билан таъминланди. Айни вақтда ҳудадларда 12 та юқумли касалликлар шифохонаси қурилмоқда ва 2 та шифохона реконструкция қилинмоқда.
"Кўрилган барча чоралар коронавирус ва мавсумий касалликларнинг мумкин бўлган янги тўлқини билан курашишда ёрдам беришига аминман. Албатта, санитария қоидаларига қатъий риоя қилиш талаб этилади. Дунёда эпидемиянинг беқарорлигини ҳисобга олиб, биз вируснинг мумкин бўлган янги тўлқини учун тайёргарлик ишларини давом эттиришимиз ва баъзи чеклов чораларини кенгайтиришимиз керак", дейди Бош вазир.
Асқар Мамин ҳудудлар раҳбарларига жойларда эпидемиологик вазиятни алоҳида назорат остида ушлаб туриш, касаллик билан боғлиқ ўзгаришларга зудлик билан жавоб беришни буюрди.
Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ фавқулодда ҳолат Қозоғистонда 16 мартдан 11 майгача амал қилган. 5 июль куни республика расмийлари эпидемиологик вазият ёмонлашгани сабабли бир қатор қўшимча чекловларни қайта киритдилар. Уларнинг босқичма-босқич юмшатилиши 17 августда бошланди ва 31 августда карантин чораларини юмшатишнинг иккинчи босқичи амалга оширилди.
Айни пайтда Қозоғистонда коронавирус билан касалланган 106 498 киши рўйхатга олинган, улардан 100 042 киши соғайиб кетган, 1646 киши вафот этган.
Рушанабону Султонова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь