Қозоғистон инқирози бошқа постсовет мамлакатларида ҳам рўй бериш хавфи бор – россиялик экспертлар

Олам 12846
image

Келажакда бошқа постсовет мамлакатларида Қозоғистондаги каби ички сиёсий инқирозларнинг кучайиши хавфини инкор этиб бўлмайди. Бу фикрни бугун, 12 январь куни ТАСС мухбири билан суҳбатда “Валдай” халқаро мунозара клубининг илмий ишлар бўйича директори Федор Лукьянов билдирди. 

“Бу каби инқирозлар Қозоғистондаги каби постсовет ҳудудидаги кўплаб мамлакатларда содир бўлиши аллақачон аён бўлган, уларнинг барчаси ўз давлатчилигини тасдиқлаш даврини бошдан кечирмоқда, бу жуда оғриқли. 2018 йилдан бери Арманистондан бошлаб бир қатор зарбалар юз берди. Қозоғистон яна бир кўринишдир, шубҳасиз, охирги эмас. Бу мамлакатларнинг ўзида, нимадир содир бўлган, муаммолар тўлиқ ҳал этилмаган, шунинг учун инқирозли вазиятларнинг қайталаниш хавфи бор”, дейди у. 

Шунингдек, Россия Фанлар академиясининг Е.М.Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институти президенти Александр Динкин 2022 йилда постсовет ҳудудида ҳам, дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам инқирозли вазиятлар хавфи ўтган йилларга нисбатан юқори эканлигини таъкидлади. 

“Дунёда даромадларнинг қутбланиши, озиқ-овқат нархларининг ошиши, иқтисодий ўсишнинг прогноз қилинаётган пасайиши билан боғлиқ вазият турли мамлакатларда ижтимоий-сиёсий кескинликни кучайтирувчи омиллар бўлиб, биринчи навбатда, бу ривожланаётган мамлакатларга тааллуқлидир. Демак, 2022 йилда постсовет ҳудудида ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам ички сиёсий инқирозларнинг кучайиши учун зарур шарт-шароитлар, масалан, 2019 йилга қараганда, мен учун яққол кўриниб турибди”, дейди у. 

“Валдай” халқаро мунозаралар клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси бошқаруви раиси Андрей Бистрицкийнинг таъкидлашича, ҳал этилмаган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муаммолар сонининг кўпайиши туфайли бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатлари ички сиёсий нотинчликларга дучор бўлмоқда, Қозоғистон ҳам бундан мустасно эмас. Унга кўра, нафақат постсовет давлатлари, балки Ғарб давлатлари ҳам хавф остида. 

“Коронавирус, глобал молиявий қийинчиликлар, кўплаб можаролар, ижтимоий тенгсизлик – буларнинг барчаси жорий йилда инқирозли вазиятларнинг кутилмаганда кескинлашишига олиб келиши мумкин. Буни инкор этиб бўлмайди", дейди эксперт.  

Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни бўлиб ўтган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг йиғилишида Беларусь Республикаси фуқароси Александр Лукашенко Қозоғистондаги воқеалардан энг аввало Ўзбекистон сабоқ чиқариши кераклиги, бу сабоқлар олинмаса, ўзидаги маълумотларга кўра, уларнинг (экстремистлар – таҳр.) диққати Ўзбекистонга қаратилишини айтганди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 331
Рейтинг: 3
t
×