Қозоғистон Эрондаги элчихонаси хавфсизлигини кучайтирмайди – Қозоғистон ТИВ
Олам
−
30 Январь 2023
2798Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон дипломатик ваколатхонасига қилинган ҳужумдан кейин республиканинг Эрон пойтахтидаги элчихонасида хавфсизлик чораларини кучайтиришни режалаштирмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда бугун, 30 январь куни бўлиб ўтган брифингда Қозоғистон ТИВ расмий вакили Айбек Смадияров айтиб ўтган, деб ёзмоқда “Интерфакс” нашри.
Масъул брифингда мухбирнинг Қозоғистоннинг Теҳрондаги элчихонасида хавфсизлик чораларини кучайтириш масаласи кўриладими, деган саволига жавоб берар экан, шундай деди:
“Йўқ, мен ундай деб ўйламайман. Бу алоҳида ҳолат. Агар Теҳронда жойлашган элчихоналарга бир қатор ҳужумлар бўлганида, бу бошқа масала бўларди. [Қозоғистон] элчихонаси нормал режимда ишламоқда”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 январь куни соат 08:30 да Теҳронда Озарбайжон элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилди. Ҳужум қилган шахс Калашников автомати билан қуролланган. Ҳодиса оқибатида хавфсизлик хизмати бошлиғи ҳалок бўлди, унинг икки ҳамкасби яраланди. Иккинчисининг ҳолати қониқарли деб баҳоланмоқда. Эрон полицияси Озарбайжон дипломатик ваколатхонасига уюштирилган ҳужумда гумонланувчининг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
Шундан сўнг, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев элчихонага уюштирилган қуролли ҳужумни қоралаб, уни террорчилик ҳаракати деб баҳолади.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айхан Ҳожизода эса Озарбайжон қуролли ҳужумдан кейин мамлакат элчихонаси ходимларини эвакуация қилмоқчилигини маълум қилган эди.
Шунингдек, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийян озарбайжонлик ҳамкасби Жейҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига қилинган ҳужумдан икки давлат душманлари фойдаланганини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжоннинг Эрон пойтахти Теҳрондаги элчихонасига уюштирилган ҳужум юзасидан муносабат билдириб, ушбу ҳолатни кескин қоралашини маълум қилди.
Озарбайжон Эрондаги элчихонаси фаолиятини бутунлай тўхтатди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь