Қозоғистон дизель ёқилғиси импортига киритилган тақиқни узайтирди
Олам
−
02 Ноябрь 2020
2653Қозоғистон расмийлари дизель ёқилғиси импортига нисбатан илгари киритилган тақиқни келаси йилнинг апрель ойигача узайтирмоқчи. Бу ҳақда бугун, 2 октябрь куни Республика Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
"Биз дизель ёқилғиси импортини тақиқлашни келгуси йилнинг апрель ойига қадар узайтиришни режалаштиряпмиз. Бунда қишги ва арктика ёқилғиси мустаснодир. Шуни таъкидлашни истардимки, бу борада якуний қарор ҳали қабул қилинмаган. Аммо ички бозорни дизель ёқилғиси билан тўлдириш учун зарур шартлар мавжуд", деди Қозоғистон Энернетика вазири Нурлан Нўгаев.
Унинг таъкидлашича, мамлакат ҳукумати коронавирус пандемияси пайтида омборхоналарда ортиқча захираларни йўқ қилиш чораларини кўрган. "Шу туфайли биз фабрикаларимиз тўхтаб қолишига йўл қўймадик ва ички ёқилғи-мойлаш бозорида мувозанатни сақлаб қолдик", дея изоҳ берди вазир.
Маълумот учун, 13 октябрда Қозоғистон Энергетика вазирлиги республикага 2020 йил 1 ноябргача темир йўл, автомобиль ва қувур транспорти орқали бензин, авиация ва дизель ёқилғисини олиб киришни тақиқлади. Вазирликда тушунтирилганидек, бундай чоралар ишлаб чиқарилган ва истеъмол қилинадиган нефть маҳсулотлари ҳажмлари ўртасида қулай мувозанатни таъминлайди. Вазирлик маълумотларига кўра, ички бозорда нефть маҳсулотлари захиралари даражаси анча юқори ва импорт қилинадиган ёқилғининг қўшимча ҳажмларини олиш маҳаллий нефтни қайта ишлашга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу июль ойи бошида Қозоғистон ҳукумати бензин, авиация ва дизель ёқилғиси импортига 1 сентябргача вақтинча тақиқ жорий қилган эди.