Қозоғистон буғдой импортини тақиқламоқчи
Олам
−
15:20 1159 2 дақиқа
Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги буғдойни мамлакатга автомобиль, сув ва темир йўл транспорти орқали олиб киришни олти ойга тақиқлаш тўғрисидаги буйруқ лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Тегишли буйруқ лойиҳаси очиқ порталга жойлаштирилди.
Ҳужжатда учинчи давлатлардан, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатларидан автомобиль, сув ва темир йўл транспорти орқали буғдой импорт қилинишига олти ойлик тақиқ жорий этиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, лойиҳада бир қатор истиснолар ҳам белгиланган. Чеклов паррандачилик ва донни қайта ишлаш корхоналари, лицензияга эга элеваторлар, шунингдек, “Миллий компания “Озиқ-овқат шартномавий корпорацияси” АЖ манзилига темир йўл транспорти орқали етказиб бериладиган буғдой ҳажмига дахл қилмайди.
Вазирликнинг аниқлик киритишича, ушбу корхоналар учун олиб кирилган буғдой ички ва ташқи бозорларда қайта сотилиши мумкин эмас. Бундан ташқари, тақиқ Қозоғистон ҳудуди орқали ўтадиган темир йўл транзитига, шунингдек, агар йўналиш республика ҳудудидан ўтса, ЕОИИ давлатлари ўртасидаги ташинувга тааллуқли бўлмайди.
Қайд этилишича, ушбу ташаббус маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва маҳсулот сотилишининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган. Ҳужжатни тайёрлашга Ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш масалалари бўйича идоралараро комиссиянинг 2026 йил 26 июндаги 129-сонли баённомаси асос бўлган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, шунингдек, ушбу буйруқ қабул қилинган тақдирда, салбий ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатлар кутилмаслигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон 2024 йилнинг августидан декабригача ҳам буғдой импортини тақиқлаган эди.
Live
Барчаси