Қозоғистон АҚШдаги фуқароларини огоҳлантирди

Олам

image

Қозоғистоннинг АҚШдаги элчихонаси ўз фуқароларини Флорида, Жоржия ва Жанубий Каролина штатларидан эвакуация қилишга чақирди. Ушбу чақириқ сўнгги юз йил ичида энг кучли бўлиши кутилаётган “Милтон” тўфони туфайли эълон қилинган. Бу ҳақда элчихона сайтида хабар берилди.

“Флорида штати ҳокимияти айрим округларда мажбурий эвакуацияни эълон қилди. Барча аҳолига фавқулодда хабарлар ва зудлик билан эвакуация қилишга тайёр бўлиш тавсия этилади”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, элчихона барча Қозоғистон фуқароларини маҳаллий ҳокимият кўрсатмаларига риоя қилишга ва фавқулодда ҳолатларда зудлик билан дипломатлар билан боғланишга чақирди.

АҚШ Миллий тўфонлар марказининг хабарига кўра, 10 дан 11 октябрга ўтар кечаси “Милтон” тўфони Флорида штатининг ғарбий қисмига етиб боради. Жоржия ва Жанубий Каролина штатларининг қирғоқбўйи ҳудудлари ҳам тўфон хавфи остида қолиши мумкин.

Маълум бўлишича, ушбу тўфон олтинчи шкалага кўтарилиши мумкин. Ҳозирда унинг тезлиги 257 км/соатга етган. Эвакуация қилиш учун 5,5 миллион киши огоҳлантирилган.

Маълумот учун, бир ҳафта олдин Флоридага “Ҳелен” тўфони ёпирилиб, оқибатда 230 дан ортиқ одам ҳалок бўлган эди. Синоптикларнинг тахминларига кўра, “Милтон” “Хелен”дан икки баравар кучли бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жо Байден штатнинг тўфонга тайёргарлигини шахсан назорат қилиш учун Германия ва Ангола сафарларини қолдирган эди. Шундан сўнг, Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам ушбу мамлакатларга ташрифларини бекор қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Қозоғистон “Милтон”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг