Қозоғистон аэропортида ҳазил туфайли одамлар эвакуация қилинди (видео)
Олам
−
10 Ноябрь 3308 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Атирау халқаро аэропортида йўловчи ҳазиллашиб, қўл юкида “бомба борлиги”ни айтгач, барча рейслар кечиктирилди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Транспорт полицияси матбуот хизматига кўра, воқеа 8 ноябрь куни Атирау–Олмаота рейсига рўйхатдан ўтиш вақтида юз берган. Эркак қўл юкида портловчи мослама борлиги ҳақида ёлғон маълумот берган. Шундан сўнг Аэропорт ходимлари дарҳол йўловчиларни эвакуация қилган, ҳудуд ўраб олинган ва парвозлар вақтинча тўхтатилган. Юкларни текшириш ҳамда хавфсизликни таъминлаш учун фавқулодда хизматлар чақирилган.
“Ушбу ҳолат юзасидан транспорт полицияси департаменти томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (террорчилик ҳаракати ҳақида била туриб ёлғон хабар бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Қурбонлар ва жабрланганлар йўқ, аэропорт ўз фаолиятини одатий тартибда давом эттирмоқда.
Қозоғистон Жиноий-процессуал кодексининг 201-моддасига мувофиқ, тергов олди текширувининг бошқа маълумотлари ошкор қилинмайди”, дейилади идора хабарида.
Маълумот учун, Қозоғистон аэропортларида ёлғон хабар бериш ҳолатлари илгари ҳам кузатилган. Август ойида гўдакли аёл самолёт бортида бомба борлигини айтиб, Атирау аэропортида ваҳима келтириб чиқарган эди.
Унинг сўзларидан сўнг 200 га яқин йўловчи ва экипаж аъзолари зудлик билан самолётдан туширилган. Лайнер беш соатдан ортиқ вақт давомида текширилган, аммо ҳеч қандай портловчи қурилма топилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Ганновер шаҳридаги аэропортнинг фаолияти унга яқин ҳудудда дрон аниқлангани сабабли тўхтатилганди.
Live
Барчаси