Қорақалпоғистонга зиёратга борган 19 ёшли йигит тоғдан йиқилиб тушди
Жамият
−
13 Апрель 2021
14899Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистондаги Шихи Жалил зиёратгоҳида бир фуқаро тепаликдан пастга йиқилиб тушгани ҳақидаги видеолар тарқалди. Аниқланишича, ушбу ҳолат жорий йилнинг 11 апрель куни содир бўлган. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар бермоқда.
Амударё тумани тез тиббий ёрдам бўлими билан боғланилганда, ушбу маълумот тасдиқланган.
Қайд этилишича, ҳолат 11 апрель куни соат 13:10 да содир бўлган. Тиббий ёрдам бригадаси 13:45 да етиб борган ва тоғдан йиқилиб тушган, 2002 йилда туғилган В.И.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Йигит Хоразм вилоятидан ташриф буюрган зиёратчи бўлган ва тиббий кўрик пайтида шифокор билан гаплашган. Шифохонага бормаслиги ва ҳамроҳлари билан биргаликда кетишини, ўзларининг ҳудудий шифохонасига мурожаат қилишини айтган.
“Афсуски, ушбу ҳудудга келган айрим зиёратчиларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида ана шундай ҳолатлар ҳам юз бериб турибди. Кечаги ҳолат биз қуръон тиловат қиладиган ҳудуддан сал олисроқда содир бўлгани туфайли, биз кейинроқ хабар топдик. Гувоҳларнинг айтишича, ўша ҳолат юз берган ҳудудда бир неча ёш йигит тош устига чиқиб, ундан сакраган ҳолатларини қўл телефонларига суратга олиб турган бўлган. Йиқилган йигит ҳам ана шундай ҳаракатлари ва эҳтиётсизлик оқибатида йиқилган бўлиши ҳам мумкин.
Шу ўринда, ушбу ҳудуднинг масъул ходими сифатида зиёратга ташриф буюрувчилар ва уларга раҳбарлик қилиб келувчиларга бу жой турли хил қилиқлар кўрсатиб, селфига тушадиган манзил эмаслигини уқтириб қўймоқчи эдим. Бу – зиёратгоҳ! Унга келиб кетишда тартиб қоидаларга амал қилсалар ва тоғга чиқиш ҳамда тушишда хавфсизлик қоидаларига амал қилсалар, бу каби хунук ҳолатларнинг олдини олган бўлар эдик”, дейди “Шайх Жалил бобо” зиёратгоҳи масъул ходими Махсутбой Якубов.
Маълумот учун, 8 апрель куни ҳам бир ёш қиз шу тоғга чиқиш ва тушишда эҳтиётсизлиги оқибатида жароҳат олган. Уни зиёратгоҳ масъули Амударё тумани шифохонасига олиб борган ва унга ҳам тиббий ёрдам кўрсатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь