Қорақалпоғистонга янги прокурор тайинланди

Жамият 4790
image

Фархат Ембергенович Алламбергенов Қорақалпоғистон Республикаси прокурори этиб тайинланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бугун, 8 июнь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари бешинчи сессияси қарор қабул қилинди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Муса Ерниязов очиб берди ва бошқариб борди.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 70-моддаси, 10-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори келишуви билан Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимига шу кунгача Тахиатош тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Фархат Ембергенович Алламбергеновнинг номзоди таклиф қилинди ва унинг таржимаи ҳоли билан таништирилди.

Таклиф қилинган номзодни Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори Ниғматилла Йўлдошев, бир қатор депутатлар ва сессия иштирокчилари қўллаб-қувватлаб сўзга чиқди.

Сессияда Алламбергенов Фархат Ембергенович Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимига тасдиқланди.

Фархат Алламбергенов меҳнат фаолиятини 1994 йили Нукус шаҳар судининг суд ижрочиси бўлиб ишлашдан бошлаган. Шундан сўнг Прокуратура органларида турли лавозимларда фаолият юритган. Элликқалъа, Тўрткўл, Амударё туманлари ва Тахиатош шаҳри, шунингдек, Орол табиатни муҳофаза қилиш прокурори лавозимларида ишлаган.

2017 йил 14 августдан бошлаб Тахиатош тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори лавозимида ишлаб келган  Хидир Каримов бошқа лавозимга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 165
Рейтинг: 3
t
×