Қорақалпоғистонда қурилаётган кўп қаватли уйнинг зинапояси қулаб тушди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистоннинг Қонликўл тумани “Наврўз” маҳалласи ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массивида жойлашган беш қаватли уйнинг зинапояси қулаб тушгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса жорий йилнинг 7 февраль куни содир бўлганига қарамасдан, пудратчи ташкилот техник назорат мутахассиси томонидан объектларда барча шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг бузилиш ҳолатлари, авария ҳолатлари ҳамда уларни бартараф этиш ишларининг натижаси тўғрисида назорат инспекциясига хабар бермаган.

Объектдаги зинапоялар визуал кўздан кечирилганда ҳеч қандай ёриқлар кузатилмаган. Аммо пудратчи ташкилот томонидан зинапояларни монтаж қилиш жараёнида хатоларга йўл қўйилгани аниқланган.

“Ҳодиса юз берган жойда жабрланган ва жароҳат олганлар йўқ. Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат бўйича прокуратура ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг