Қорабоғдаги шаҳар Ислом дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилинди

Олам

image

Озарбайжоннинг Қорабоғ вилоятидаги Шуша шаҳри 2024 йил учун Ислом оламининг маданий пойтахти деб эълон қилинди. Бу ҳақда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган конференцияда маълум қилинди.

Айтилишича, тегишли қарор бир овоздан қабул қилинган. Кейин тадбирда Шуша ҳақида видеоролик намойиш этилган.

Қайд этиш жоизки, 2022 йил Озарбайжонда Шуша йили деб эълон қилинган эди. Шуша маданий ҳаётини жонлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида мусиқа байрамлари, шеърият кунлари, кўплаб маҳаллий ва халқаро маданий тадбирлар ўтказилган. Халқаро Туркий маданият ташкилоти (TURKSOY) ҳам Шуша шаҳрини 2023 йил учун туркий дунёнинг маданий пойтахти деб эълон қилди.

Шу тариқа, Шуша шаҳри Озарбайжон тарихий, маданий, ижтимоий-сиёсий ҳаётининг муҳим марказларидан бирига, жумладан, Ислом цивилизацияси рамзига айланди.

Маълумот учун, шаҳар 1992 йил 8 майда Арманистон Қуролли кучлари томонидан босиб олинган. 2020 йилда 44 кунлик урушдаги ғалабадан сўнг, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Шуша шаҳри арман босқинидан озод қилинганини эълон қилди. Шаҳар марказида Озарбайжон байроғи кўтарилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси Озарбайжонга бўлган давлат ташрифининг иккинчи кунида озарбайжонлик мавқедошлари ҳамроҳлигида Шушага бориб, шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Қорабоғ Шуша

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг