Қорабоғда тинчлик ойлиги: ҳаёт қайтмоқда, келажак аниқ эмас
Таҳлил
−
09 Декабрь 2020
10566Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг баҳсли ҳудудлари учун олиб борилган шиддатли жангларга чек қўйган уч томонлама баёнот (Россия-Арманистон-Озарбайжон) имзоланганига роппа-роса бир ой бўлди. Томонларнинг сўзларига кўра, ушбу келишувнинг муҳим бандлари бажарилмоқда: минтақада Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилган ва сулҳга тўлиқ риоя қилиняпти. Кўчирилганлар ва қочқинлар ўз уйларига қайтмоқда.
Арманистон ва Озарбайжон ўртасида қарийб 30 йилдан буён Тоғли Қорабоғда давом этиб келаётган қуролли тўқнашувлар жорий йилнинг 27 сентябрида аланга олиб, катта жангга айланди. Баку ва Ереван ҳарбий ҳолат эълон қилди ва бир-бирини тинч аҳолига қарши ҳужумлар қилишда айблади. Авж олган можаро қурбонлари иккала томоннинг ҳарбий хизматчилари ва оддий фуқаролар эди. 10 ноябрга ўтар кечаси Тоғли Қорабоғ можароси тарихида муҳим воқеа юз берди – Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳамда Озарбайжон, Россия Президентлари Илҳом Алиев ва Владимир Путин ўртасида Қорабоғдаги ўт очиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида битим имзоланди.
Оғриқли битим
Озарбайжон ушбу шартномани қувонч билан кутиб олди ва ҳаттоки, Бакуда Тоғли Қорабоғдаги ғалабага бағишланган ҳарбий парад ўтказишга қарор қилди. Расмийлар томонидан режалаштирилганидек, парад эртага, 10 декабрь куни бўлиб ўтади. Унда 3 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар иштирок этиши кўзда тутилган бўлиб, 150 га яқин ҳарбий техника намойиш этилади. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасидаги олти ҳафталик қуролли тўқнашувда Озарбайжонни очиқчасига қўллаб-қувватлаган Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам фахрий меҳмон сифатида парадга иштирок этади.
Ўз навбатида, Арманистонда шартномани нишонлаш учун махсус сабаблар йўқ эди. Мамлакат халқи, сиёсий элитаси ва ҳатто, мухолифати Пашиняннинг Қорабоғ бўйича уч томонлама баёнотни имзолашини таслим бўлиш ва давлатга хиёнат сифатида баҳоламоқда. Эндиликда Арманистон халқи фаол рақишда уни истеъфога чиқишга ундамоқда. Ереванда бир неча ҳафта давомида норозилик намойишлари билан бирга оммавий ҳибсга олишлар ҳам тинмаяпти. Кеча, 8 декабрь куни Арманистондаги мухолиф “Дашнаксутюн” партияси Пашинянга қўйилган ультиматум муддати тугаганини эълон қилди ва тарафдорларини бутун мамлакат бўйлаб итоатсизлик ҳаракатларини бошлашга чақирди. Бош вазирнинг ўз лавозимидан кетишини талаб қилиш барча арманларнинг католикоси Гарегин II томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.
Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ноаниқлик билан қабул қилинди. Бир томондан, унинг аҳолиси қон тўкилишининг тугаши ҳамда минтақадаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш кафолати сифатида Россия тинчликпарвар кучларининг жалб қилинишини ижобий баҳолади. Бошқа томондан, уч томонлама шартноманинг имзоланиши кейинчалик Озарбайжон назорати остига ўтган ҳудудлар – Ағдам, Келбажар ва Лочин аҳолисини қийин аҳволга солиб қўйди. Степанакертга ҳар куни юзлаб қочқинлар бўлган автобуслар келади.
Урушдан кейинги ҳаёт
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси раҳбарияти бугунги кунда қочқинлар муаммоси қанчалик долзарблигини яхши билади. Республика МХХ раҳбарининг маслаҳатчиси Девид Бабаяннинг айтишича, урушдан сўнг тахминан 30-40 минг киши қочқин мақомида бўлган. Бироқ, у ишонтириб айтадики, оптимизм учун асос бор: Степанакертга қайтганларнинг ярмидан кўпи бошпанага эга бўлган. Бу шаҳарнинг муҳим қисми вайрон этилганига қарамай (турли манбаларга кўра, уруш пайтида бу ерда уй-жойлар ярмигача вайрон қилинган), эришилган ютуқдир. Уй-жойларни тиклаш қимматга тушади ва бу масалада Қорабоғ раҳбарияти, асосан Россиянинг ёрдамига ишонади.
Степанакерт инфратузилмаси ҳам бундан кам зарар кўрмаган. Баъзи ҳудудларда ҳали ҳам электр йўқ, бошқаларида газ, сув таъминоти ва иссиқ сув муаммо. Шаҳар бўйлаб ҳали ҳам бир нечта банкоматлар ишламайди. Аксарият дўкон, кафе ва ресторанлар ёпиқ. Шаҳарнинг асосий бозорида фақат айрим дўконлар ишламоқда. Алоқа воситаларининг деярли тўлиқ етишмаслиги ҳам жиддий муаммо ҳисобланади: маҳаллий СИМ-карталар аҳолининг озгина қисмига берилади, холос. Аммо шаҳарлараро қўнғироқ қилиш ёки мобил интернетдан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Уруш тугаганидан бир ой ўтгач, Тоғли Қорабоғ пойтахти яқинда содир бўлган ҳарбий ҳаракатлар давридан кўра сезиларли даражада жонланганини эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Можаро бошланганидан бери кўча-кўйда кўчирилган одамлар, шу жумладан болали оилалар учрамоқда. Йўлларда тобора кўпроқ автоуловлар пайдо бўлган. Дўконлардаги маҳсулотлар тури аста-секин кенгайиб бормоқда. Расталар ҳали жуда кўп эмас, аммо зарур маҳсулотлар – сув, шакар, дон, сариёғ ва консервалар мавжуд. Баъзи жойларда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотувга чиқарилган ва чет эллик журналистлар келиши билан Степанакертда барбекю дўконлари кўпая бошлаган.
Реванш бўлмайди
Тоғли Қорабоғда ҳозирги ҳолатда қанча вақтгача тинчлик сақланиб қолиши ҳали аниқ эмас. Мутахассислар орасида яна бир масала бўйича тортишувлар давом этмоқда: келажакда минтақанинг Арманистон томонидан назорат қилинадиган қисмида ҳолат қандай бўлади ва у ерда яшайдиган арманларнинг тақдири қандай кечади? Россия Фанлар Академиясининг Э.М.Примаков номли Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институти Кавказ секторининг етакчи тадқиқотчиси Вадим Мухановнинг таъкидлашича, Тоғли Қорабоғ келишувининг ушбу жиҳатлари учала давлат раҳбарларининг баёнотида батафсил ёзилмаган. Таҳлилчининг фикрига кўра, битимдан алоҳида бошқа мақсадлар кўзланган.
“Сентябрь-ноябрь ойларида яшаш жойларини тарк этган аҳоли қисман дилемма билан дуч келмоқда: уларга қайтиш керакми ёки йўқ? Бу масала ҳали ҳал қилинмаган, чунки Арманистон аҳолиси қайтиб келган тақдирда ҳам ҳозирги алоқа линиясининг 100 фоиз хавфсиз бўлишига кафолат йўқ”, дейди Муханов.
Ушбу ҳудудларнинг келгусидаги мақомига келсак, эксперт бу масала номаълум вақтга қадар танг ҳолатда қолиши ҳақида фикр билдирди. Агар Баку минтақадаги ўз ҳудудий даъволарини ҳимоя қилишни давом эттирса ва Қорабоғнинг қолган қисмини бўйсундиришга ҳаракат қилса, бу қочқинларнинг оммавий кўчиши, оқибатда гуманитар фалокатни келтириб чиқариши мумкин. Воқеаларнинг бундай ривожланишига халқаро ҳамжамиятнинг муносабати кескин бўлади ва бундай сценарий Қорабоғнинг мақомини муҳокама қилишда, албатта, инобатга олинади.
“Қорабоғдаги мағлубият билан биргаликда Арманистон кучли ички сиёсий инқирозни бошдан кечирди, шунинг учун Еревандаги элита биринчи навбатда ушбу инқирозни ҳал қилиш билан шуғулланади, сўнгра улар Қорабоғ масаласини муҳокама қиладилар. Энди Никол Пашинян ва унинг жамоаси учун устувор мақсад ҳокимиятда қолишдир”, дейди Муханов.
Яқин вақт ичида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий ҳаракатларнинг тикланиши эҳтимолдан йироқ. Озарбайжон уч томонлама шартнома асосида олганларидан қониқади ва яқин келажакда Баку ушбу янги ҳудудларни ривожлантиришга эътибор қаратади. Ўз навбатида, Арманистонда қасос олиш умидида қўшни давлат билан қуролли тўқнашувни қайта бошлаш учун етарли ресурслар мавжуд эмас.
LiveБарчаси