“Қора рўйхат”га тушгансиз”. МБ банклар нега фуқароларга кредит бермаётганини тушунтирди

Жамият

image

Кўплаб фуқаролар тижорат банклари тушунарсиз сабабларга кўра кредит ажратишни рад этаётганидан шикоят қилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Мурожаатчиларнинг изоҳлашича, банклар уларга “Марказий банкнинг қарз олувчилар бўйича “қора рўйхат”ига (“чёрный список”) кирганлигини ва бундай рўйхатга тушганларга кредит берилмаслигини” важ қилиб кўрсатишмоқда.

МБ ҳолат бўйича изоҳ берди. Таъкидланишича, банк тизимида “қора рўйхат” тушунчаси, умуман, кредит ажратилиши тақиқланган фуқаролар бўйича тузилган “махсус рўйхат” ёки “маълумотлар базаси” мавжуд эмас.

“Қора рўйхат” тушунчаси етарли билим ва малакага эга бўлмаган айрим банк ходимлари томонидан кредит аризасини кўриб чиқиш жараёнида илгари олинган ёки жорий кредити бўйича тўловларни кредит шартномасида белгиланган муддатлардан кечиктириб тўлаган фуқароларга “қора рўйхатга тушиб қолгансиз” деб изоҳ бериши (тушунтириши) оқибатида вужудга келмоқда.

“Ушбу ҳолат аслида фуқаронинг “кредит тарихи” маълумотлари билан боғлиқ бўлиб, ҳозирги кунда ундан барча кредит берувчи ташкилотлар фуқарога кредит беришдан олдин ушбу маълумотлардан фойдаланишмоқда”, дейилади регулятор муносабатида.

“Кредит тарихи” нима ва унинг қандай аҳамияти бор? 

МБнинг қайд этишича, сўнгги йилларда кредит ташкилотлари (банклар ва микрокредит ташкилотлари) ва ҳаттоки айрим товар истеъмол кредити берувчи савдо ташкилотлари томонидан фуқароларга кредит ажратиш жараёнида уларнинг илгари олган қарз маблағлари бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажарганлиги ҳамда жорий қарздорликлари мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фуқароларнинг кредит битимлари, уларнинг ижро этилиши ҳолати, жумладан, илгари қайси кредит ташкилотларидан қанча миқдорда кредит олганлиги, кредит тўловларини ўз вақтида тўлаганлиги, бошқа кредитлар учун берилган амалдаги кафилликлар ҳамда жорий кредит қарздорликлари тўғрисидаги маълумотлар мажмуи “кредит тарихи” деб аталади. 

Кредит ташкилотлари “кредит тарихи” маълумотлари асосида потенциал қарз олувчининг кредитга лаёқатлилигини баҳолайди, яъни қарз олувчи олаётган кредити бўйича мажбуриятларини келгусида лозим даражада бажара олиш имконияти, илгари олган кредитлари бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажарганлиги, бошқа кредит ташкилотларидан ҳозирги қарздорлиги миқдори каби маълумотларни ўрганиб чиққан ҳолда фуқаронинг кредит тўловларини тўлаш борасида қай даражада интизомли ва масъулиятли эканлиги тўғрисида хулоса чиқаради.

“Ҳар бир кредит ташкилоти ўзининг кредитлаш тартиби талаблари ва кредитнинг қайтмаслик рискини баҳолаш мезонларидан келиб чиқиб, потенциал қарз олувчининг кредит тарихи маълумотлари, даромади ҳамда таклиф этилаётган кредит таъминотини таҳлил қилади ва якунда кредит ажратиш ёки ажратмаслик юзасидан мустақил қарор қабул қилади. Ўз навбатида, мазкур қарорлар турли кредит ташкилотларида турлича бўлиши мумкин”, дея тушунтиргани Марказий банк.

Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати “кредит тарихи”нгиз ҳисоботида муддати ўтган қарздорлик тўғрисидаги маълумотлар пайдо бўлишининг олдини олиш учун кредит ва бошқа молиявий мажбуриятларингиз бўйича тўловларни ўз вақтида тўлаб боришга чақирган.

“Зеро, қарз бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажаришда маъсулиятсизликка йўл қўйиш, яъни кредит тўловларини белгиланган муддатлардан кечиктириб тўлаш ҳозирча арзимас бўлиб туйилса ҳам, келгусида кредит ташкилотларидан қарз олиш имкониятини пасайишига сабаб бўлиши мумкин”, дея якунланад МБ изоҳи.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

354

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг