Қобул Турсунов охирги иш кунида қарийб 22,5 млрд улашгани маълум бўлди

Жамият 27258
image
-

Жорий йилнинг 8 ноябрь куни ўз аризасига кўра, вазифасидан озод этилган Навоий вилояти собиқ ҳокими Қобул Турсунов кетиши олдидан фармойиш чиқариб, бир қатор ташкилотларга жами 22 млрд 491 млн сўм маблағ ажратди. Ҳоким имзолаган фармойишда Ёшлар маркази биносини таъмирлашдан тортиб “Аҳоли дам олиш маскани”ни қуриш-таъмирлаш ишларида юзага келган қарздорликларни қоплаш учун ҳам маблағ ажратилганини кўриш мумкин. 

Мазкур фармойишга кўра, энг катта сумма, яъни 8 млрд 23 млн сўм маблағ вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ажратилган. Хусусан, Президентининг 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сонли қарорига асосан, соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига маблағ ўтказиш харажатлари учун 4 млрд 23 млн сўм, янги ташкил этиладиган оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиникаларни таъмирлаш харажатлари учун 1 млрд сўм ҳамда коронавирус пандемиясига қарши курашишда қўлланиладиган дори воситаларини сотиб олиш харажатлари учун 3 млрд сўм пул берилган.

Шунингдек, 2 млрд сўм маблағ мактабгача таълим ташкилотларини коммунал тўлов харажатларини қоплаш учун Навоий шаҳар мактабгача таълим бўлимига берилган. Навбаҳор туман халқ таълими бўлимига эса 8, 12 ва 20-сонли умумтаълим мактаблари биносини иситиш тизимини таъмирлаш харажатлари учун 1 млрд 326 млн сўм ажратилган.

Ҳокимнинг фармойишида 22 млрд 491 млн сўм маблағнинг 22 млрд 291 млн сўми вилоят маҳаллий бюджетининг 3-чорак даромадларнинг режадан орттириб бажарилган қисми ҳисобидан, 200 млн сўми вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилиши кўзда тутилган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1675
Рейтинг: 3
t
×