Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бошланди

Олам

image

Бугун, 4 март куни Миср пойтахти Қоҳирада блокададаги Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар давом эттирилади. Бу ҳақда юқори мартабали мисрлик амалдорга таяниб, “Al-Qahera News” телеканали хабар берди.

“Миср, Қатар, ҲАМАС ва АҚШ иштирокидаги музокаралар эрта тонгда бошланиши кутилмоқда”, дейди манба.

Миср матбуоти кеча, 3 март куни ҲАМАС, Қатар ва АҚШ делегациялари яна Қоҳирага етиб келганини ёзди. Бироқ Исроил томони Ғазо секторидаги исроиллик маҳбусларнинг исм-шарифлари кўрсатилган рўйхатни олмагунча, Мисрдаги музокараларда қатнашмаслигини маълум қилган.

Исмини ошкор қилмаган мисрлик юқори мартабали мулозим Рамазон ойи олдидан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда маълум “силжиш” борлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, Миср Рамазонгача Фаластин анклавида ўт очишни тўхтатишга эришиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. 

"Ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда кўзга кўринадиган силжиш бор ва биз адолатли келишувга эришишга ҳаракат қилмоқдамиз", дейди расмий.

Маълумот учун, Тель-Авив ва ҲАМАС 13 февраль куни Қоҳирада маҳбусларни алмашиш бўйича келишув доирасида музокара ўтказган. Кейинроқ Исроилнинг “Моссад” разведка бошқармаси директори Давид Барнеа, АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс, Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний, Миср разведка бошқармаси раҳбари Аббос Камол ва ҲАМАС делегацияси иштирокидаги музокаралар 24 февралгача давом этди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Президенти Жо Байден Исроил Рамазон ойида Ғазони бомбардимон қилишни бироз тўхтатиб туришини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср Қоҳира Исроил Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг