ҚҚС фоизи камайтирилган бўлсада, нархлар тушиш ўрнига ошди – ПМТИ

Жамият

image

Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғининг 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши нархларнинг тегишли равишда тушишига олиб келмади. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари ўрганиш олиб борди.

Қайд этилишича, таҳлилда ҚҚС тўловчи ва асосан расмий иш юритувчи ҳисобланган супермаркетлар нархлари асос қилиб олинган ҳамда 97 турдаги 3754 та истеъмол товари бўйича 4 ойлик статистика data-scraping йўли билан юклаб олинган. 

Ҳар бир товар тури бўйича декабрь ва январь ойларида нархлар ўртасидаги ўзгариш (treatment group) ноябрь-декабрь ва январь-февраль ойларидаги нархлар ўзгариши (control group) билан солиштирилган.

“Натижалар шуни кўрсатадики, ҚҚС 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши нархларнинг тегишли равишда тушишига олиб келмаган. Жумладан, декабрь-январь ойларидаги нархлардаги ўзгариш ноябрь-декабрь ва январь-февраль ойларидаги нархлар ўзгаришига нисбатан 0,3 фоизга кўп бўлган. Бу дегани бошқа барча омиллар таъсир кучи тўхтатиб турилган тақдирда ҳам 2,6 фоизга тушиши керак бўлган нархлар 0,3 фоизга ошган”, дейилади таҳлилда. 

Шунингдек, гарчи Ўзбекистонда ҚҚС пастлаган бўлсада, бу 46 та гуруҳ бўйича 1115 та товар нархи ўзгартирилмаган. Масалан, болалар озуқаси, музқаймоқ, макарон, тана парвариши маҳсулотлари ва бошқалар.

“20 та гуруҳ бўйича 1306 та товар нархи 1 фоизгача ошган. Булар шоколад, ширинлик, гигиена махсулотлари ва бошқалардир. 12 та гуруҳ бўйича 585 та товарлар – кир ювиш кукунлари, мева, гўшт махсулотлари, сут нархлари 1-5 фоизга ошган. Фақатгина 7 та гуруҳ бўйича 567 та товарлар –канцелярия товарлари, соуслар, кофе нархлари 1,6 фоизгача пасайгани кузатилган.

Аввалроқ ПМТИ экспертлари input-output модели асосида иқтисодиётнинг 78 та тармоқлари учун ҚҚС ставкасининг 3% бандга пасайтирилиши харажатлар камайишига ва бунинг ҳисобига иқтисодиётнинг реал секторида нархларнинг 0,8% бандга пасайишига олиб келишини аниқлаганди. 

Аммо ҳозирча амалиётда тадбиркорлар солиқдан олган енгилликни истеъмолчига ўтказиш бўйича қарор қабул қилмаяпти.

ҚҚСнинг туширилиши нархлар даражасига таъсир этмаганининг асосий сабаблари қаторига қуйидагилар киритилган:

  • истеъмол товарлари бозорида хуфиёна иқтисодиёт улушининг катталиги ва солиқлардаги пасайишлар расмий ишлаётган фирмаларнинг нисбатан кичик миқдордаги фойда маржасини ошишига йўналтирилиши;
  • бозорларда тегишли равишда рақобат муҳитининг шаклланиб улгурмагани;
  • нархларга таъсир этувчи бошқа асосий омиллар (доллар курси, қайта молиялаш ставкаси, пул массаси ва б.) таъсир кучининг ошиб бориши.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2023 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилишини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг