Қирғизистонда бир қатор ОАВ экстремистик нашрлар деб эълон қилинди

Олам

image
Дунёда ОАВ эркинлиги бўғилмоқда. Ўзбекистонда аҳвол қандай? north_east

Дунёда ОАВ эркинлиги бўғилмоқда. Ўзбекистонда аҳвол қандай?

Бишкекнинг Октябрь туман суди прокуратура талабини қаноатлантирди ва “Temirov Live”, “Kloop.kg” ва “Айт Айт Десе” медиалойиҳалари материалларини экстремистик деб топди. Бу ҳақда “Kaktus.media” хабар берди.

Суд қарори билан журналистлар Болот Темиров ва Ринат Тухватшин бошқараётган ушбу оммавий ахборот воситалари ҳамда уларнинг интернет ресурслари фаолияти тақиқланган. Тақиқ нафақат янги материалларни чоп этишга, балки уларнинг саҳифалари ва онлайн платформаларида мавжуд материалларга киришга ҳам тегишли.

“Temirov Live” ва “Айт Айт Десе” журналист Болот Темировга алоқадор, “Kloop.kg” эса Ринат Тухватшин асос солган “Kloop Media” фонди лойиҳасидир. Ҳар уч нашр ҳам ўзини Қирғизистонда мустақил ахборот манбаси сифатида кўрсатиб, муқобил истиқболларни тақдим этиб, мамлакатдаги долзарб воқеаларни ёритиб боради.

Қирғизистон Рақамли ривожланиш ва инновацион технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Алоқа соҳасини тартибга солиш ва назорат қилиш хизмати юқорида қайд этилган нашрларнинг интернет-ресурсларини блокировка қилишни назарда тутувчи қарорнинг масъул ижрочиси этиб тайинланди.

Журналист Болот Темиров 2023 йилнинг ноябрида Қирғизистондан депортация қилинган ва беш йилга мамлакатга кириши тақиқланган эди. Ринат Тухватшин ҳам хорижда.

2023 йилнинг охирида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги “Айт Айт Десе” ва “Temirov Live” саҳифалари мониторинги натижасида оммавий тартибсизликларда иштирок этишга чақириқлар бўлган маълумотлар аниқлангани ҳақида хабар берган эди. Бунга жавобан жиноят иши очилди, 11 журналист ҳибсга олиниб, норозилик намойишлари ва тартибсизликларга қўзғатишда айбланди.

2024 йилнинг октябрь ойида “Temirov Live” ва “Айт Айт Десе” режиссёри Муҳаббат Тожибек қизи олти йилга, Азамат Ишенбеков беш йилга, икки журналист эса уч йиллик синов муддатига ҳукм қилинди. Қолган судланувчилар далил йўқлиги сабабли оқланди.

“Kloop.kg” таҳририяти бир неча йиллардан бери расмийлар томонидан босимга дучор бўлмоқда. 2023 йилнинг кузида нашрнинг сайти блокланди, 2024 йилнинг февралида эса суд лойиҳанинг юридик шахси – “Kloop Media” жамоат фондини тугатди.

2025 йилнинг сентябрида нашрнинг тўрт нафар собиқ ходими – икки оператор ва икки ҳисобчи “норозилик уйғотиш ва оммавий тартибсизликлар уюштириш”да айбланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) томонидан 35-Халқаро матбуот эркинлиги мукофотлари ғолиблари аниқланганди.

Мукофотланганлар орасида қирғизистонлик тадқиқотчи журналист Болот Темиров ҳам бор. Хабарларга кўра, у Марказий Осиёда коррупцияга қарши курашиш бўйича энг кўзга кўринган мухбирлардан бири. Хавфсизлик таҳдиди туфайли Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган ва муҳожирликда ишлашда давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Болот Темиров Temirov Live Kloop.kg Айт Айт Десе экстремистик нашрлар Ринат Тухватшин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг