Қизлари санкцияга учраган Путин болаларга чеклов қўйишни шизофренияга тенглаштирди
Олам
−
17 Сентябрь 2022
5259Россия Президенти Владимир Путиннинг фикрича, баъзи россиялик сиёсатчиларнинг фарзандларига қарши Ғарб томонидан жорий этилган санкциялар хаддан ошиш ва шизофрения билан чегарадош ҳаракат ҳисобланади. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.
“Менимча, бу шизофрения. Чунки вояга етмаган болаларни санкциялар остига қўйиш одатда ғайритабиий иш. Менимча, улар энди нима қилаётганларини тушунмай қолганга ўхшайди”, дея фикр билдирган Россия раҳбари.
Шунингдек, Президент Россия болалар омбудсмани Мария Львова-Беловага нисбатан Украинадан болаларни ўғирлаганлик айби билан жорий қилинган санкцияларга муносабат билдирган.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, омбудсман россиялик болаларни уруш зоналаридан олиб чиқишга ёрдам беради, бунинг учун унга фақат таъзим қилиш керак.
“Омбудсман болаларни уруш зонасидан ёки Донбассдаги хавфли зоналардан олиб чиққани нормал ҳолат. Бунинг нимаси ёмон? Бунинг учун унга раҳмат айтишимиз ва таъзим қилишимиз керак”, дейди Россия Президенти.
Бундан ташқари, у Омбудсман ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўядиган эзгу миссия эканини таъкидлаган.
“Бизга маълумки, у – Худо уни асрасин, фарзандларимизни уруш зоналаридан: Суриядан, Ироқдан олиб чиқиш билан шуғулланган ва ҳозир ҳам шуғулланади деган умиддаман. Турли ҳолатлар туфайли болалар у ерда қолган – ўз хоҳишлари билан эмас, албатта”, дея тушунтирган Путин.
Эслатиб ўтамиз, Канада ва Австралия давлатлари Путиннинг қизлари – Мария Воронцова, Катерина Тихоновага нисбатан санкциялар жорий этган эди. Улар ОАВда Владимир Путиннинг қизлари сифатида билинган. Воронцова ва Тихоновага санкциялар жорий этилиши ортидан Кремль бунга жавоб қайтарилишини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 15 сентябрь куни Россия болалар омбудсмани Мария Львова-Белова минглаб украиналик болаларни Россияга депортация қилиш ҳаракатларига етакчилик қилганлик, шунингдек, болаларни мажбурий асраб олиш ва уларга Россия фуқаролигини беришни тезлаштириш ҳаракатларида айбланиб, АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь