Қизириқдаги футбол майдонида 16 яшар йигит вафот этди. Вазирлик расмий баёнот берди

Жамият 11084
image

Шу кунларда турли ижтимоий тармоқлар орқали Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида жорий йил 23 август куни кечки соат 22:30 ларда “Истиқлол” маҳалласида жойлашган сунъий қопламали футбол майдонида футбол ўйини пайтида юзага келган жанжал оқибатида 16 ёшли Ислом Хуррамовнинг воқеа жойида вафот этгани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ушбу ҳолатни ўрганиб чиқиб, расмий баёнот  билан чиқди. Унда шундай дейилади:

“2020 йил 23 август куни кечки соат 22:30 ларда Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани “Истиқлол” маҳалласида жойлашган фуқаро Алиқулов Зафар Тошпўлатовичга тегишли сунъий қопламали кичик футбол майдонида футбол ўйнаб турган шу маҳаллада истиқомат қилувчи 2004 йилда туғилган, вояга етмаган Алиқулов Асрорбек Зафар ўғли рақиб жамоа сафида футбол ўйнаётган, шу маҳаллада яшовчи фуқаро Ғаниев Эркиннинг уйига меҳмон бўлиб келган Термиз тумани “Темирйўлчи” маҳалласида истиқомат қилувчи 2004 йилда туғилган, вояга етмаган Хуррамов Ислом Маъмур ўғли билан ўйин давомида тортишиб қолади. Улар ўйин вақтида майдонни тарк этиб, ўйингоҳ ён томонида жойлашган “Истиқлол” МФЙ идораси ёнида жанжални давом эттиришади. Натижада А.Алиқулов И.Хуррамовнинг олд кўкрак ўрта соҳасига уриб, тан жароҳати етказган. Ислом Хуррамовнинг кучли зарбдан соғлиги ёмонлашиб, воқеа жойида вафот этади.

Таъкидлаш керак, 2020 йил 23 август куни Қизириқ туман спорт бўлими ҳамда туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби томонидан ҳеч қандай спорт тадбири ва мусобақа ўтказилмаган. Мазкур ҳолат ҳам спорт мусобақалари пайтида содир бўлмаганлигини маълум қиламиз.

Шуни ҳам қўшимча қилиш керак, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда унинг тасарруфидаги ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган спорт тадбирлари карантин талаблари асосида санитария-эпидемиология қоидаларига амал қилинган ҳолда ўтказилмоқда”.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, 23 август куни соат 20:45 да 16 ёшли вояга етмаган А.А., Қизириқ тумани “Истиқлол” маҳалласида жойлашган кичик футбол ўйингоҳида футбол ўйнаётган вақти рақиб жамоадаги 16 ёшли вояга етмаган И.Х., билан ўзаро тортишган. Улар яккама-якка уришиш мақсадида, стадиондан ташқарига чиқиб, жанжални давом эттирган. Шу пайт А.А.,чап оёғи тиззаси билан И.Х.,нинг олд кўкрак ўрта соҳасига бир марта зарб билан тепиб, тан жароҳати етказган.

Натижада вояга етмаган И.Х., олган тан жароҳати оқибатида соғлиғи ёмонлашиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қизириқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан А.А.,га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.А. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 393
Рейтинг: 3
t
×