“Қизил” империя ибтидоси. Россиядаги октябрь инқилобининг биз билмаган сирлари

Бу қизиқ 38426
image

“Ҳар қандай инқилобни даҳолар тайёрлайди, мутаассиблар амалга оширади, унинг мевасидан эса муттаҳамларгина баҳраманд бўлади”.

Германия канцлери Отто фон Бисмарк

XX асрда инсоният иккита Жаҳон уруши ва кўплаб инқилобларни бошдан ўтказди. XX аср бошида Россияда юз берган октябрь инқилоби дунё тарихига катта таъсир кўрсатди. Бу инқилоб рус адабиётларида “Буюк октябрь ғалабаси” деб аталди. Аммо ўтган асрнинг 90-йилларида амалга оширилган изланишлар натижасида октябрь инқилобига тегишли бўлган айрим махфий маълумотлар дунё юзини кўрди.

1917 йил 25 октябрь Россия пойтахти Петроград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳри тун. Кутилмаганда шаҳарда ғала-ғовур бошланди. Қўлига қурол кўтарган оломон Муваққат ҳукумат жойлашган қишки сарой томон йўл олди. Шу тариқа Россияда навбатдаги инқилоб бошланди. Бугунги мақоламизда, бундан 104 йил аввал, Россияда амалга оширилган октябрь инқилобининг келиб чиқиш сабаблари ва айрим махфий маълумотлар ҳақида сўз юритамиз.

Қонли якшанба

XIX асрда кўплаб муваффақиятларга эришган Россия империяси XX асрга келганда Европанинг қолоқ давлатларидан бирига айланиб қолганди. 1905 йил 9 январь якшанба, Петроград шаҳри қишнинг аёзли совуқ кунлари, 200 минг кишидан иборат оломон императорнинг қишки саройига қараб йўл олди. Қўлида император портретини кўтариб олган одамлар тинч намойиш ўтказишни ният қилишганди. Бироқ бундай бўлмади. Ҳукумат буйруғи билан қуролсиз намойишчилар ўққа тутилди. Тахминан 130-200 киши ўлди, 500-700 киши ярадор бўлди. “Қонли якшанба” бутун Россияни ғазабга келтирди. Халқ орасида подшоҳга бўлган ишонч пасайиб кетди. Бу воқеалар Россияда инқилобларнинг бошланишига сабаб бўлди.

Биринчи жаҳон уруши 

1914 йил 28 июль куни Биринчи Жаҳон уруши бошланиб кетди. 6 август куни Австрия-Венгерия Россия империясига уруш эълон қилди. Шу тариқа қолоқ Россия урушга тортилди. 1917 йилга келганда, урушнинг чўзилиб кетиши Россияни ҳолдан тойдирди. Мамлакатда очарчилик, ишсизлик ҳукм сурар эди. Уч йил ичида юз минглаб рус аскарлари фронтда ҳалок бўлди. Император армиясига ўқ-дори ва ҳарбий техника етишмас, армиянинг жанговар руҳияти ҳам тушиб кетган эди.

Февраль инқилоби

1917 йилнинг февраль ойи, сўнгги кунларда Петроград шаҳар аҳолисига нон ва ун етишмас, икки дона нон олиш учун тўрт соат навбат кутишга тўғри келарди. Бундан ташқари, уруш оқибатида кўплаб завод ва фабрикалар ўз фаолиятини тўхтатди. Ишсиз, оч қолган шаҳар аҳолиси совуқ билан аёвсиз кураш олиб борарди. Бу азоблар одамларда норозилик кайфиятини вужудга келтирди. 19 февраль куни ишсиз қолган одамлар, оч қолган халқ император саройи томон юра бошлади. Бу вақтда император Николай II ўз армиясини кўздан кечириш учун Петрограддан 700 километр узоқликдаги Могилёв шаҳрига борган эди. Бу вазиятда саройда қолган қиролича Александра Феёдоровна шаҳар марказига ўтувчи Троицкий ва Дворцовий кўпригини кўтариб қўйишни буюради. Лекин совуқ туфайли Нева дарёси музлаб қолганди. Минглаб одамлар музлаган Нева дарёсидан ўтиб, Петроград марказига кириб келди. 20 февраль куни шаҳар марказида қўлида турли ёрлиқлар кўтарган 200 мингга яқин оломон тўпланди. Император икки кун ичида тартибсизликларни бартараф этишга буйруқ берди. Полиция ва армия йиғилган халқни тарқатишга ҳаракат қилди. Лекин оломон тарқалишни истамади. Аскарларга йиғилган халққа қарата ўқ узишга буйруқ берилди. Аммо аскарлар подшоҳ олиб бораётган сиёсатдан норози эди. 27 февраль куни армия императорга қарши оёққа турди. Шаҳар марказидаги қурол омбори оломон томонидан эгаллаб олинди. Натижасида, Россияда 300 йилдан зиёд ҳукмронлик қилиб келган Романовлар сулоласининг тахтдан ағдарилди.

Муваққат ҳукумат

Подшоҳ ҳукумати ағдарилгач, мамлакатда қўшҳокимиятчилик юзага келди. Биринчиси, буржуа партиялар вакилларидан иборат Александр Керенский бошчилигидаги Муваққат ҳукумат. Иккинчиси, Петроград шаҳар ишчи, деҳқонлари ва аскарлар қўлидаги ҳокимият.

Муваққат ҳукумат аҳолини нон билан таъминлашга қийналди. Мамлакатда оммавий ишсизлик авж олди. Хуллас, бир сўз блан айтганда Россия иқтисодий фалокат ёқасига келиб қолди. Муваққат ҳукумат очлик ва иқтисодий таназзулга қарши ҳеч қандай чора кўрмади. Бунинг ўрнига ҳукумат вазирлари Жаҳон урушини давом эттиришга қарор қилди. Албатта, баъзиларда “шундай оғир шароитда урушни давом эттиришнинг нима кераги бор”, деган савол туғилиши табиий. Агар урушда Россия ғалаба қозонгудек бўлса, вақтинча тузилган Муваққат ҳукумат давлат бошқарувида қолиши мумкин эди.

1917 йилнинг июнь ойи бошида Керенский ҳукумати фронтни жонлантириб, аскарларга ҳужумга ўтиш ҳақида буйруқ берди. Аммо ҳужум йирик мағлубият билан якунланди. Бундан ғазабланган Петроград аҳолиси 4 июль куни оммавий намойишга чиқди. Унда 500 мингдан ортиқ киши қатнашди. Намойишчилар Муваққат ҳукуматни истеъфога чиқишини ва ҳокимият Советлар қўлига берилишини талаб қилди. Бу орада Большевиклар омма орасида “халқларга тинчлик”, “деҳқонларга ер”, “ишчиларга фабрика”, деган шиорлари билан одамларни ўзларига мухлис қилиб олади.

Немис агенти Ленин

Петрограддаги оғир вазиятдан фойдаланган Владимир Ильич Ленин бошчилигидаги Большевиклар яширин равишда қуролли қўзғолонга тайёргарлик бошлади. Июль – октябрь ойларида инқилоб режаси тузилди. Шу муддат давомида Ленин ва Большевиклар фирқаси Кайзер (Германия империясида монархга бериладиган унвон) Германиясидан катта моддий ёрдам олиб, омма орасида инқилобий ҳаракатни кучайтирди. Ленин ҳокимиятни қуролли қўзғолон йўли билан қўлга олишга интилди. Июль ойида Муваққат ҳукумат Ленинни “Ватан хоини”, “Немис агенти”, деб ҳарбий трибунал судига берди. Аммо Совет даврида ёзилган тарихий китобларда бу ҳақиқат “Ленин ва большевикларга туҳмат”, деб талқин қилинди. Бироқ ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, ҳақиқатдан қочиб бўлмайди. 1992 йил “Аргументы и факты” газетасининг 29-30 сонида В.Милосердовнинг “Октябрь инқилоби қанчага тушган эди?”, деб номланган мақоласи босиб чиқарилди. Унда Германия Ленинни ва октябрь инқилобини молиявий жиҳатдан таъминлагани фактлар асосида қайд этилган. Мана улардан баъзилари:

“Телеграмма” 

“1917 йил 27 апрель, Бош штаб… Берлиндаги Ташқи ишлар вазирлиги бош штабининг сиёсий бўлимига қуйидаги маълумотни беради. Лениннинг Россияга кириши таъминланди. У батамом бизнинг хоҳишимиз бўйича ишлайди. Берлин, 1Ғ4, 1917, Тезда! Махфий!”

“Ташқи ишлар вазирлиги Россиядаги ташвиқот учун қоиданинг 5-боби, 6-абзацига асосан 5 миллион марка ажратмоғи керак. Тезроқ бажарилишидан миннатдор бўлур эдим. Давлат котиби”.

Тарихий маълумотларга кўра, Германия ҳукумати октябрь тўнтаришини амалга ошириш учун Ленинга жами 1 миллиард немис маркасига яқин маблағ ажратган.

Октябрь инқилоби

1917 йил 16 октябрь куни Большевиклар ва уларнинг иттифоқчилари ишлаб чиқилган пухта режа бўйича ҳаракатни бошлади. 18 октябрь куни Петроград гарнизони Муваққат ҳукуматга бўйсунмаслигини эълон қилди ва Советларни ягона қонуний ҳокимият сифатида тан олди. 24 октябрь куни ҳарбийлар Петрограднинг муҳим нуқталари ҳисобланган темир йўл станциялари, кўприклар, банклар, телеграфлар, босмахоналар ва электр станцияларини эгаллаб олди. Шундай қилиб, 1917 йил 25 октябрь куни Россияда навбатдаги инқилоб бошланди.

Муваққат ҳукумат бу қўзғолондан хабардор эди. Бироқ, инқилобнинг 25 октябрь куни тунда содир этилиши умуман кутилмаган воқеа бўлди. Ўша куни эрталаб соат 10:00 да Ҳарбий-инқилобий қўмита “давлат ҳокимияти ишчи, аскар ва депутатлар кенгаши органи қўлига ўтди” деб эълон қилди.

21:00 да Болтиқ флотининг “Аврора” крейсери тўпидан ўқ отилиши қишки саройга ҳужумни бошлаш учун ишора бўлди. 26 октябрь куни соат 02:00 да Муваққат ҳукумат аъзолари ҳибсга олинди. Қишки сарой қўлга олингач, Ленин минбарга чиқиб инқилобчиларга қараб “биз бутун жаҳонда пролетариат революциясини амалга оширамиз. Яшасин коммунизм, яшасин социализм”, деб хитоб қилди.

26 октябрь куни ишчи, аскар ва деҳқонларнинг мурожаатномаси эълон қилинди. Унда Муваққат ҳукумат ағдарилгани, ҳокимият тўлалигича Советлар қўлига ўтгани айтилганди. Ленин бошчилигида Халқ Комиссарлари Кенгаши (ХКК) тузилди. Октябрь инқилоби саноат районларида қўллаб-қувватланди. Янги тузилган ҳукумат Юлиян календаридан воз кечиб, Григориан календарини жорий қилди. Шу сабабли 25 октябрь Григориан календарида 7 ноябрга тўғри келди. 1918 йилдан бошлаб 7-8 ноябрь Совет ҳукуматида расмий байрам куни деб эълон қилинди. Ҳар йили шу куни Москвадаги Қизил майдонда ва СССРнинг бошқа Республикаларида октябрь инқилобини нишонлаш одатга айланди.

Бошқарувни ўз қўлига олган Ленин махфий тарзда подшоҳ ва унинг оила аъзоларини йўқ қилишга буйруқ берди. Император Николай II унинг рафиқаси Александра Феёдоровна ва императорнинг қизлари Ольга, Татьяна, Мария ҳамда 13 ёшли меросхўр шаҳзода Алексей сарой ертўласига олиб тушилиб, ваҳшийларча отиб ташланди.

1917 йил 14 ноябрь куни Совет ҳукумати хусусий завод ва фабрикаларда ишчи назоратини ўрнатиш тўғрисида қарор чиқарди. Унга кўра, Россиядаги барча хусусий банклар, темир йўл, саноат заводлари миллийлаштирилди. Большевиклар жамият ҳаётининг барча соҳалари устидан давлатнинг тўла назоратини ўрнатди. Мамлакатда конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар тугатилди. Бутун давлат бир шахс ёки бир партиянинг ҳукми остида қолди. Мухолифат ва ўзгача фикрловчилар аёвсиз қатағон қилинди. Большевиклар зўравонлик йўли билан мамлакатдаги бойларнинг мулкларини тортиб олди.  Шу тариқа, Россияда қонли йўл билан Совет ҳукумати ўрнатилди. Совет даврида ёзилган адабиётларда октябрь инқилоби “буюк октябрь ғалабаси”, “бу инқилоб халқнинг хоҳиш истаги билан амалга оширилди” деб ёритилди. 

Зулм йўл билан қурилган Совет давлати 73 йил яшади. 1990 йил 26 декабрь куни СССР Олий Совети Республика Кенгаши иттифоқ тугатилгани ҳақида декларация қабул қилди. СССР Президенти Михаил Горбачёв ўз лавозимидан кетганини маълум қилди. Шу тариқа 73 йил дунёнинг иккинчи қутби сифатида яшаб келган қудратли давлат парчаланиб кетди. Унинг ўрнида эса ўн бешта янги мустақил давлат пайдо бўлди.
 

Сардор Али Нурматов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1053
Рейтинг: 3
t
×