Қизамиқ асоратидан пайдо бўлувчи камёб касалликдан яна бир бола вафот этди
Жамият
−
14 Май
11640Бугун, 14 май куни Фарғона вилоятида ўткир ости склерозлашган панэнцефалит касаллигига чалинган 5 ёшли бола вафот этди. Бу ҳақда у билан бирга даволанаётган бошқа болаларнинг ота-онаси QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Хабар беришларича, болакай 2019 йилнинг сентябрь ойида Фарғона вилояти Фурқат туманида соғлом ҳолда дунёга келган. 2023 йилда қизамиқ асорати туфайли 10 мингтадан 1 болада келиб чиқувчи ўткир ости склерозлашган панэнцефалит (SSPE) хасталигига чалинган. Фарғона туман тиббиёт бирлашмаси болакай реанимацион ҳолатда бўлишига қарамай, унинг ота-онасига ўғлини уйига олиб кетишини айтган.
SSPE касаллигига чалинган ўнлаб болаларнинг ота-оналари QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, бемор болакайларни даволашда давлат томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаяпти. Оғир аҳволдаги болалар тиббий ёрдам ва шифокор назоратисиз ўз уйларида сақланмоқда. Республика Болалар Миллий тиббиёт маркази эса болаларни ордер асосида ҳар 3 ойда 10 кунгина олиб қолади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларни зарур бўлган дорилар билан таъминламаяпти.
Маълумот ўрнида, SSPE қизамиқ ёки қизилча касаллигидан қолган асоратлар туфайли юзага келадиган мия касаллигидир. Беморда тўхтовсиз судурги, мушаклар тортишиши ёки бўшашиши кузатилади. Унинг олдини олишнинг ягона усули қизамиққа қарши эмлашдир. Ўзбекистонда болалар 1 ёшдан бошлаб қизамиққа қарши эмланади, аммо кўп ҳолларда болалар ёшига етмасдан ушбу касалликка чалинмоқда. Шу боисдан, Ўзбекистонда SSPE касаллигига чалиниш ҳолати сўнгги йилларда авж олган (Бу ҳақда кейинроқ QALAMPIR.UZ’нинг махсус репортажини томоша қилинг).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда SSPE билан касалланган болалар сони 100 га яқинлашгани ҳақида хабар берган эдик. Бу аномал ҳодиса ҳисобланади.
LiveБарчаси