Қиролича Елизавета II нинг жасади Лондонга ҳарбий самолётда етказилади

Олам

image

Буюк Британиянинг марҳум Қироличаси Елизавета II жасади бўлган тобут Эдинбургдан Лондонга Boeing C-17 Globemaster ҳарбий-транспорт самолётида етказилади. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни Буюк Британия ҳаво кучлари штаби бошлиғи Майкл Уигстон Sky News телеканалида маълум қилди.

Ҳаво кемаси яқинда Украинага инсонпарварлик ёрдами ва қурол-яроғ етказиб беришда, шунингдек, ўтган йили инглизларни Афғонистондан олиб чиқишда фойдаланилган.

“C-17 Globemaster бизнинг стратегик ҳарбий транспорт самолётларимиздан биридир, аммо бу қайғули вазият билан Ҳазрати Олияларининг тобути Эдинбургдан қироллик ҳарбий ҳаво кучларининг Нортхолт базасига етказилади. Тасаввур қилганингиздек, бундай ноёб вазифани бажариш учун катта ҳажмдаги режалаштириш керак эди, биз [Букингем] саройи билан уларнинг истакларини амалга ошириш учун яқиндан ишладик”, дейди Уигстон.

Уигстон бу самолёт фаол фойдаланилаётганини таъкидлаган. У ўтган ёзда Қобулдан эвакуация қилинган 15 минг кишининг кўп қисмини ташиган. Ва ўшандан бери учоқ Украинага гуманитар ва ҳарбий ёрдамни етказиб бериш учун ишлатилган.

Тобут Эдинбургдан 19:00 (Тошкент вақти билан 23:00) атрофида, марҳум монархнинг қизи малика Анна ва унинг эри Тимоти Лоренс ҳамроҳлигида манзилга етиб боради. Шундан сўнг уни катафалкада Букингем саройига олиб боришади, у ерда дафн маросими карвонини қирол Чарльз III ва унинг рафиқаси консорт-қиролича Камилла, шунингдек, тахт вориси, Уэльс шаҳзодаси Уильям ва Уэльс маликаси Кейт кутиб олади. 
Тобут монарх қароргоҳининг асосий залларидан бирига жойлаштирилади, у ерда қироллик саройи аъзолари ва ходимлари Елизавета II билан хайрлашишлари мумкин бўлади.

14 сентябрь куни тобут Букингем саройидан Вестминстер саройига олиб кетилади ва у ерда 19 сентябрь куни бўлиб ўтадиган дафн маросимигача туради. Юз минглаб Британия аҳолиси тўрт ярим кун ичида Елизавета II билан хайрлаша олади. 

Елизавета II 8 сентябрь куни 96 ёшида Шотландиядаги Балморал қасрида вафот этди. У Британия тарихидаги энг узоқ – 70 йилу етти ой ҳукмронлик қилган монарх бўлди. Янги монарх унинг тўнғич ўғли, 73 ёшли Чарльз бўлиб, тахтда Чарлз III номини олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг