Қирол Чарльз III халқига илк мурожаатини йўллади

Олам

image

Бугун, 9 сентябрь куни Буюк Британия қироли Чарльз III мамлакат халқига илк мурожаатини йўллади. У илк мурожаатида онаси умрини тахтда, мамлакатга хизмат қилиб ўтказганини, у ҳам шу йўлдан боришини маълум қилди.

“Бугун мен сизларга чуқур қайғу бил мурожаат қилмоқдаман. Қиролича Зоти Олиялари – менинг севимли онам бутун умри давомида менга ва бутун оиламга илҳом манбаи ва намуна бўлди. Ва биз унинг севгиси, боғлиқлиги, раҳбарлиги, тушуниши ва намуна бўлгани учун ҳар бир оилада бўлгани каби онамдан қарздормиз”, деган қирол нутқи аввалида.

Чарльз III ўз бошқаруви ҳақида фикр билдириб, онасининг қадриятларини қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

“Қиролича каби чексиз садоқат билан, мен ҳам Худо менга берган қолган вақт давомида халқимиз асосига таянган конституциявий тамойилларни қўллаб-қувватлашга тантанали равишда ваъда бераман.

Бирлашган Қиролликнинг, қиролликларнинг ёки дунёнинг исталган жойида яшашингиздан қатъи назар, келиб чиқиш ва эътиқодингиз қандай бўлишидан қатъи назар, мен бутун ҳаётим давомида сизга содиқлик, ҳурмат ва муҳаббат билан хизмат қилишга ҳаракат қиламан”, дейди Британия қироли.

У нутқи давомида тўнғич ўғли, вориси Уильямни Уэльс шаҳзодаси деб эълон қилган. Кенжа ўғли Гаррига тўхталиб, уни яхши кўришини ва у турмуш ўртоғи Меган билан мамлакатдан ташқарида ўз ҳаётини қураётганини айтиб ўтган.

Чарль III илк мурожаатини онаси Елизавета II га ҳурмат билан якунлади.

“Қадрли отам олдига сўнгги буюк сафарга йўл олаётган азиз онамга шунчаки раҳмат демоқчиман.

Сиз узоқ йиллар сидқидилдан хизмат қилган оиламиз ва халқлар оиласига бўлган меҳрингиз ва фидойилигингиз учун ташаккур”, деган янги қирол.

Эслатиб ўтамиз, кеча 8 сентябрь куни Буюк Британия қироличаси Елизавета II 96 ёшида вафот этди. У 1952 йилнинг 6 февралида тахтга ўтирган эди. Унинг тўнғич ўғли Чарльз мамлакат қиролига айланди. Эртага у расман давлат раҳбари деб эълон қилиниши кутиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия

Баҳолаганлар

410

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг