Қирғизистонлик депутатлар Ўзбекистондаги заводдан шикоят қилди
Олам
−
24 Июнь
20630Ўзбекистон ҳудудида жойлашган завод ва чиқинди полигони фаолияти туфайли Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ноокен туманидаги 60 минг аҳолининг ҳаёти издан чиққан. Бу ҳақда бугун, 24 июнь куни ҳақида Қирғизистон Жогорку Кенеши ёқилғи-энергетика комплекси, фойдали қазилмаларни ишлатиш ва саноат сиёсати бўйича қўмитаси йиғилишида айтиб ўтилди.
Депутат Замирбек Мамасадиқов завод ва чиқинди полигонидан таралаётган бадбўй ҳид ва тутун маҳаллий аҳолининг саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётганини маълум қилган. Уларнинг ҳар иккиси Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ноокен туманидаги Достук қишлоғи билан чегарадош бўлган Ўзбекистон ҳудудида жойлашган.
“Мен ўзим ҳам Шамалди-Сой қишлоғида туғилганман ва шу ерда яшайман. Завод ва полигон ёнида яшаш қандай азобли эканини ўз бошимдан ўтказганман. Ўзбекистон ҳудудидаги совун ишлаб чиқарувчи завод ишга тушганда, шамол йўналиши билан бир неча қирғиз қишлоқлари томон сассиқ ҳид ва тутун келади. Ҳисобласак, жами 60-70 минг аҳолига таъсир этяпти. Бу масала бундан бир йил аввал жойларда ўтказилган йиғилишда кўтарилган ва ўшанда Ўзбекистон томони 10 кун ичида ҳам полигонни, ҳам заводни ёпишга ваъда берган эди. Аммо бир йил ўтди, ҳеч нарса ўзгармади. Бу маҳаллий аҳоли учун жуда катта муаммо. Алоҳида таъкидлаш керакки, чиқинди полигони ва совун заводи ўзаро боғлиқ: чиқинди сараланади, ундан хомашё олинади, хомашёдан совун тайёрланади. Агар чиқинди бўлмаганда, бу завод ҳам бўлмас эди. Бу масалани ниҳоят ҳал қилиш керак”, дейди депутат.
Қирғизистоннинг табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири ўринбосари Асел Раимқулованинг маълум қилишича, ҳозирда чиқинди полигони ёпилган ва рекультивация ишлари якунланган.
“Бизга завод вақтинча фаолиятини тўхтатганини билдиришган. Аммо маълумотларга кўра, баъзида ишлаётган бўлади. Биз ушбу ҳудудда қўшма мониторинг ўтказиш масаласини кўтарганмиз, аниқ сана белгиланишини сўраганмиз, лекин ҳозирча қўшни давлатдан жавоб олмадик. Ўзбекистон ваколатли органлари билан музокаралар давом этмоқда”, дейди у.
Маҳаллий ҳокимият вакиллари эса завод одатда соат 16:00 дан кейин ишга туширилишини айтган.
“Шикоятларни очиқ айта бошлаганимизда заводни тўхтатишади. Лекин бизда барча фото ва видео материаллар бор”, дея қўшимча қилган улар.
Депутатлар аниқ қайси завод ҳақида гап бораётганини ва завод номини очиқламаган.
LiveБарчаси