Курс UZS

USD

12 913.19

4

EUR

13 908.80

-26.67

RUB

154.17

0.87

Қирғизистондаги “Барселона” можароси ёхуд академия бойларнинг арзандаси учунми?

Таҳлил

Қирғизистонда 2023 йил Жалолобод шаҳрида қуриб битказилган, Марказий Осиёдаги ягона “Барселона” академияси ва мамлакат пойтахти Бишкек шаҳрида қурилаётган академиянинг яна бир филиали бўйича можаро бошланди. Қўшни Республикада янги қурилаётган Каталония клуби академияси филиалида мамлакатдаги бой ва амалдорларнинг фарзандлари таҳсил олади, деган мазмундаги янгиликлар пайдо бўлди. Қирғизистоннинг “Kloop” нашри бу борада можаро келиб чиқишининг асосий сабабчиси бўлди. Давлат раҳбари Садир Жапаров ҳам бу ҳолатга муносабат билдирди. Бу ҳақда сал кейинроқ тўхталамиз.

Марказий Осиёдаги илк “Барселона” академияси

Юқорида айтиб ўтганимиздек, 2023 йилнинг ёзида Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида Марказий Осиёдаги илк “Барселона” академияси фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида мамлакат Президенти Садир Жапаров ва клуб раҳбари Жоан Лапорта иштирок этди. 30 август куни эса “Барселона” клуби ва Марказий Осиё футболи афсоналари ўртасида ўртоқлик ўйини ташкил этилди. 

Ушбу академиянинг қурилиши ва очилиши билан боғлиқ барча масъулият Қирғизистон футбол иттифоқи ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва унинг оила аъзоларида бўлди. Яъни мазкур қурилиш ишларини Ташиев ва унинг яқинлари олиб борди.

Бишкекдаги “Барселона” академияси ҳам Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг яқинлари ва қариндошлари томонидан қурилмоқда. Шунингдек, ушбу академия элита қошида тураржой майдонлари ҳам қурилиши режалаштирилган. Президент департаменти мулкини бошқариш бошқармаси қурилиш учун умумий 17 гектар ер ажратган. Бишкекдаги “Барселона” академияси “Zhal Group Asia” компанияси томонидан қурилмоқда ва 2027 йилда тўлиқ қуриб битказилиши режалаштирилган.

Можарони бошлаган сайт

Бишкекда яна 11 компания “Барселона” академияси лойиҳасида иштирок этмоқда. “Kloop” ва “Temirov Live” ушбу компанияларни ўрганиб чиқди ва компанияларнинг аксарияти Ташиевнинг қариндошлари ва ҳамкорлари билан боғлиқ эканлигини аниқлади. Улар орасида Ташиевнинг жиянлари, Тўлқинбек Қанибеков, Сиймиқ Тинибеков, куёви Нурлан Шайдиллаев ва Садир Жапаровнинг куёви Ракатбек Асанбоев ҳам бор. “Zhal Group Asia” компанияси раҳбари Ойбек Алибоев Қирғизистондаги иккала “Барселона” академиясини ҳам Ташиевлар оиласи қураётгани ва бу ғояни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарининг ўзи илгари сураётганини яширмади. Академия қурилишида Ташиевнинг яқин сафдошларидан ташқари Қирғизистоннинг энг юқори мартабага эга бўлган амалдорларига алоқадор бўлган шахслар ҳам иштирок этмоқда. 

Булар:

“Muras Global Asia” МЧЖ асосчиси Уланбек Жўраев Жўқорғи Кенешнинг собиқ депутати Мурод Жўраевнинг ўғли. 2021 йилда Президент Жапаров собиқ тарафдори бўлган кичик Жўраев ва Мелис Аспеков 250 минг доллар ундирганликда айбланиб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ҳибсга олинган ва икки ой ўтиб Жўраев уй қамоғига қўйиб юборилган. Кейин у 260 минг сом жаримага тортилган.

“Stroy Partner i Ko” МЧЖ асосчиси Тимур Иброҳимов Россиянинг “Вега радиотехника концерни” компанияси ҳаммуассиси бўлган. Унинг акаси Рамазон Иброҳимов Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи ҳисобланади. Уланбек Жўраев эса ижтимоий тармоқларда Иброҳимовларнинг қариндоши экани ёзилган.

“Softprom” МЧЖ асосчиси Қалибек Акматов Божхонани рақамлаштириш департаментини бошқарган. Унинг отаси Болотбек Акматов Олий суд судьяси.

“Kloop”да Вазирлар Маҳкамаси томонидан айнан Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосарларининг дўстлари ва яқинлари солиқдан озод қилингани айтилган. Бу эса очиқ-ойдин манфаатлар тўқнашуви.

“Барселона” академиясидан ташқари “Zhal Group Asia” компанияси “Барселона” кўп функцияли тураржой мажмуасини қурмоқда. У пойтахтнинг жанубида, тоғ этагида жойлашган 17 гектар майдонда қурилади. Мажмуа марказида футбол академияси жойлашади. Унинг атрофида 1600 га яқин ҳашаматли хонадонлар, болалар боғчаси, мактаб, меҳмонхона, бизнес маркази ва бошқа бинолар қурилади. Тураржой мажмуасининг субпудратчиси “Hai Tien” компанияси Хитойнинг “Hai Tien Group”  қурилиш компаниясининг Қирғизистондаги шубаси ҳисобланади. “Hai Tien” ҳам академия қурилиши учун ҚҚС ва савдо солиғидан озод қилинган компаниялар қаторида келтирилган.

“Zhal Group Asia ” компанияси солиқдан озод қилинишидан ташқари яна бир имтиёзга ҳам эга бўлади. Бу янги тураржой мажмуаси ва академия учун ер майдонини Президент мулкини бошқариш бошқармасидан ижарага олиши билан боғлиқ. Шунингдек, “Барселона” учун ер ижараси қанчага тушиши ва “Zhal Group Asia”нинг Президент мулкини бошқариш бўлими билан қандай келишувлари борлиги очиқланмаган. Жамоат ҳужжатларида компания ижара ҳақини тўлагани ҳақида ҳеч қандай маълумотлар йўқ. “Business Expert”нинг мустақил баҳоловчилари ушбу ҳудуддаги ернинг квадрат метри 378 долларга тушишини ҳисоблаб чиқди. Яъни 17 гектар ернинг тахминий қиймати 64.3 миллион долларга баҳоланган.

“Барселона” академиясида таҳсил олиш қанчага тушади?

“Zhal Group Asia” компанияси президенти Ойбек Алибоевнинг сўзларига кўра, тураржой мажмуаси қурилиши 2027 йилнинг август ойида тўлиқ якунланади. Унинг таъкидлашича, “Барселона” тураржой мажмуасида 180 минг квадрат метр тураржой ва тижорат кўчмас мулки бўлади ва мажмуадаги биноларнинг квадрат метрнинг нархи 2 минг доллардан бошланади, яъни ишлаб чиқарувчининг умумий даромади 360 миллион доллардан кам бўлмайди. 

Ҳозирда Жалолободда тураржой билан ўқиш йилига 19 минг 500 доллар, тураржойсиз эса 12-15 минг доллар ҳисобланади. Бу эса Бишкекдаги ўртача ойлик маоши тахминан 450 долларни ташкил этувчи одамларнинг “Барселона” мажмуасига кириши имконсизлигини англатади. Бу ерда фақат бадавлат кишиларгина фарзандларини ўқитиб, квартира сотиб олишлари мумкин бўлади.

Садир Жапаровнинг бу ҳолатга реакцияси қандай бўлди?

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров мамлакатдаги “Барселона” футбол академияси атрофидаги гап-сўзларга изоҳ бериб, мамлакат миллий терма жамоасида амалдор ва бой инсонларнинг фарзандлари ўйнамаётганини билдирди. 

“Спорт қариндошчиликни тушунмайди. Айниқса, футболда иқтидор бўлмаса, подшоҳнинг ўғли бўлса ҳам жамоага қабул қилинмайди. Кучли бўлсанг, вилоятлардан келган деҳқоннинг ўғли бўлсанг ҳам, сени мамнуният билан қабул қилишади. Қирғизистон терма жамоасининг ҳозирги таркибига қаранг. У ерда бирорта бойнинг ёки амалдорнинг ўғли йўқ. Аксинча, ўйнаётган йигитлар оддий халқдан. Масалан, марҳум Жонибек Алиқулов – унинг ўғли жамоамизда ҳужумчи сифатида ўйнайди. У амалдор эмас, оддий артист, ҳажвчи эди”, дейди Садир Жапаров.

Жапаров шунингдек, мамлакатда 1600 та хонадон қурилишида Президент ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг қариндошлари иштироки борми, деган саволга жавоб берди.

“Ким қурилишда иштирок этса, яхши. Бу кенг қамровли лойиҳа, уй-жой қуриш билан бирга футбол академияси, болалар боғчалари, таълим муассасалари, иккита стадион ва бошқа инфратузилма объектлари қурилмоқда. Шу жумладан тураржой бинолари. Уй-жой сотишдан олинган даромад мен санаб ўтган ижтимоий объектларни қуришга, шунингдек, франчайзинг учун тўловга йўналтирилади. Бу лойиҳа фақат 20-30 йил ичида ўзини оқлайди. Агар “Kloop”дагилар қурилишда иштирок этишни истаса, келсин. Уларга 3-4 блок берайлик, қурсинлар, лекин улар битта ғишт қўя олишларига ҳам ишончим комил эмас. Охирги 30 йил ичида одамлар бундай танқидчилар ҳақида ҳамма нарсани тушуниб етди. Ит ҳурар – карвон ўтар”, дейди Жапаров.

Албатта, бу каби академияларнинг мамлакатда бўлиши, қайси давлатда бўлмасин, Ўзбекистон, Қирғизистон фарқи йўқ, футболи ривожланаётган давлатларда бундай машҳур жамоаларнинг академиялари очилиши мамлакатдаги аҳолини, хусусан, ёш авлодни футболга бўлган қизиқишини ошириши тайин. Аммо футболни ривожлантириш, маҳаллий футболчиларни жаҳоннинг энг кучли лигаларида, клубларида тўп тепишни мақсад қилган давлат мана бундай қиммат академияларни кўпайтирмасдан, ички чемпионатни кучайтириш керак. Шундан кейингина “футбол совчилари”, яъни скаутлар маҳаллий чемпионат футболчиларини кузатувга олиб, ўз чемпионатига таклиф қилади. Бу эса 360 миллион долларлик бир нечта академия қуришдан анча арзонроққа тушади.


Мақола муаллифи

Теглар

Жалолобод Қирғизистон Барселона Садир Жапаров Қамчибек Ташиев “Барселона” академияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг