Қирғизистонда Ташиевнинг икки шотири ҳам ҳибсланди
Олам
−
11:00 4252 2 дақиқа
Қирғизистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг икки собиқ ўринбосари Тимур Шабданбеков ва Даниэль Рисалиев қўлга олинди. Бу ҳақда ОАВ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, Тимур Шабданбеков мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумон қилинмоқда. У Ҳарбий прокуратура ходимлари томонидан қўлга олинган. Даниэль Рисалиев эса жиноят иши тергови доирасида сўроқ қилиш учун ИИВ Тергов бошқармасига олиб келинган. Кейинроқ суд унга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чорасини қўллади.
Даниэль Рисалиев 2025 йил декабридан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаб келган ва киберхавфсизлик масалаларини назорат қилган. Бунгача у махсус хизматлар тизимида ишлаган, жумладан, ҳудудлардаги бўлинмаларга раҳбарлик қилган. 2026 йил февраль ойи бошида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидаги кадрлар ўзгариши туфайли лавозимидан озод этилган.
Шабданбеков эса 1999 йилдан буён миллий хавфсизлик органларида хизмат қилади. Турли лавозимларда, жумладан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Коррупцияга қарши курашиш хизматида ишлаган.
2019 йил март ойида у Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг ўринбосари – давлатнинг биринчи шахслари хавфсизлиги учун масъул бўлган Тўққизинчи хизмат (Давлат қўриқлаш хизмати) бошлиғи этиб тайинланган. 2022 йил 13 июлда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимини эгаллаган ва жорий йилнинг 10 февраль куни лавозимидан озод этилган.
Ундан ташқари, иш бўйича бошқа айбланувчилар ҳам бор. Хусусан, “Red Petroleum” компанияси раҳбари Ақилбек Маматов, Давлат мулкини бошқариш жамғармаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Бекзат Абдиқахаров, шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг бир қанча собиқ ва амалдаги ходимлари қўлга олинган.
Манбаларга кўра, улар орасида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Норин вилояти бўйича бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари ва бир неча бўлим бошлиқлари, жумладан, киберфирибгарликка қарши курашиш бўлими бошлиғи ҳам бор.
Жиноят иши тафсилотлари, шунингдек, айбланувчиларнинг ҳар бирининг роли ҳозирча ошкор этилмаган. Хабар эълон қилинган пайтда айблов тафсилотлари бўйича расмий изоҳ берилмаган.
Live
Барчаси