Қирғизистонда собиқ президентлар энди текинхўр бўл(ол)майди

Олам

image

Қирғизистон парламенти мамлакатнинг собиқ президентларига кафолатлар тўғрисидаги қонунга собиқ давлат раҳбарларини давлат дача ва ҳукумат алоқаларидан умрбод фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишни кўзда тутувчи тузатишларни биринчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси хабар берди. 

“Ўзгартиришларга кўра, Қирғизистоннинг собиқ президенти республиканинг янги сайланган президенти ўз лавозимига киришган кундан бошлаб бир ой муддатда давлат қароргоҳи ҳудудида жойлашган кўчмас мулк объектларидан фойдаланишни тўхтатади”, дейилади матбуот хабарида. 

Қонун лойиҳасини парламентга ҳукуматпараст “Ата-Журт Қирғизистон” (Ота-юрт Қирғизистон) фракцияси депутати Женишбек Токторбоев киритган. 

Шу билан бирга, ўзгартиришлар Қирғизистоннинг собиқ президентининг ўз маблағлари ҳисобидан давлат хавфсизлигидан фойдаланиш ҳуқуқини, шунингдек, давлат қароргоҳида вақтинча яшовчи мансабдор шахсларнинг коммунал тўловларни ўз маблағлари ҳисобидан тўлаш ҳуқуқини ҳам назарда тутади. 

Шу пайтгача Қирғизистоннинг собиқ президентининг мақоми тўғрисидаги қонун собиқ давлат раҳбарларига умрбод давлат ҳимояси, давлат уй-жойлари, бепул транспорт ва тиббий кўрикдан ўтиш ҳуқуқини берган эди. Собиқ президент давлат раҳбари ойлик маошининг 75 фоизи миқдорида умрбод нафақа ҳам олади.

Маълумот учун, Қирғизистон сўнгги 30 йил ичида энг кўп Президент кўрган Марказий Осиё давлати саналади. Мамлакатни 1991 йилдан 2005 йилгача Асқар Акаев, 2005 йилдан 2010 йилгача Қурманбек Бакиев, 2010 йилдан 2011 йилгача (муваққат ҳукумат) Роза Отунбоева, 2011 йилдан 2017 йилгача Алмазбек Атамбоев, 2017 йилдан 2020 йилгача Сооронбой Жээнбеков бошқарган. 2021 йилнинг январидан бошлаб президент курсисини Садир Жапаров эгаллаб келмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

413

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг